Бу йил «Жасорат, бурч, матонат» шиори остида нишонланадиган 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида Ўзбекистондаги барча таълим масканларида Тинчлик дарси бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда ЎзА.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан ушбу дарсларни юқори савияда ташкил этиш учун тегишли режа ишлаб чиқилиб, зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шакллантирилган ишчи гуруҳи томонидан «Жасорат, бурч, матонат» номли услубий тавсия ҳамда Тинчлик дарси ишланмаси, машғулот учун махсус ўқув режа ва тавсиялар яратилмоқда. Дарслар Республика Маънавият тарғибот маркази, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа қатор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилиши, уларга уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, элда обрў топган, катта ҳаёт тажрибасига эга табаррук отахон ва онахонлар, олимлар, адабиёт, маънавият, санъат, таълим фидойилари жалб этилиши машғулотларнинг янада сермазмун бўлишини таъминлайди.
Дарс жараёнида бу йилги байрамнинг фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 70 йиллигига ҳамоҳанг нишонланаётгани, Ўзбекистоннинг ғалабага қўшган ҳиссаси, Ўзбекистондан фронтга жўнаб кетган ўғлонларнинг жасорати, юртдошларимизнинг фронт ортидаги матонатли ва фидокорона меҳнати, Ўзбекистонга эвакуация қилинган гўдаклар, оналар, қариялар, беморларга кўрсатилган меҳр-мурувват, саховат, бағрикенглик ҳақида сўзлаб берилади.
Ўзбекистон Президентининг «Тарихий хотирасиз – келажак йўқ», «Юксак маънавият – енгилмас куч», «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида» каби асарларида Ўзбекистонда, бутун минтақада тинчликни асраш, ёш авлод онг-у шуурида Ватан келажаги, унинг осойишталиги, равнақи йўлидаги масъулиятни кучайтиришга доир долзарб фикрлар Тинчлик дарси давомида ўқувчиларга ҳаётий мисоллар билан тушунтирилади.
Ўқув даргоҳларида уруш ва меҳнат фронти фахрийлари билан давра суҳбатлари, мулоқотлар ташкил этилади. Қуролли Кучлар давлат музейи, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Қатағон қурбонлари хотираси музейи, жойлардаги музейларга экскурсиялар уюштирилиб, уларда ўқувчилар учун очиқ дарслар ўтказилади.
Олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларидан иборат тарғибот гуруҳи иштирокида ўқув муассасаларида Ўзбекистондаги тинчлик-осойишталикни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, мустақилликнинг улуғ неъматлари, чексиз имкониятларининг қадрига етиш, бу йўлда доимо ҳушёрлик ва огоҳликни, масъулиятни ҳис этишга оид тарғибот ишлари олиб борилади.
Изоҳ (0)