Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасида Польша Республикаси ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес- форум бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Тадбирда Ўзбекистон билан Польша ўртасидаги муносабатлар барча жабҳаларда, жумладан, савдо-иқтисодиёт соҳасида ҳам жадал ривожланаётгани таъкидланди. Иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги икки томонлама келишувга мувофиқ, Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий муносабатлар қулайликлар яратиш принципи асосида йўлга қўйилган. Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Польша ҳукуматлараро комиссияси икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришда амалий механизм бўлиб хизмат қилаётир.
Бизнес-форум Ўзбекистон ва Польша бизнес тузилмалари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни янада кенгайтиришга қаратилди. Польшадан ташриф буюрган тадбиркорлар делегацияси таркибида темир йўл, автотранспорт соҳалари ходимлари, автобус ва троллейбус, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини музлатиш ва сақлаш асбоб-ускуналари, маиший кимё товарлари, сут маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган ҳамда биотиббиёт ва нанотехнологиялар каби тармоқларда илмий-тадқиқот ишлари ўтказадиган компаниялар вакиллари бор.
Тадбирда Польша делегацияси аъзоларига мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар хусусида атрофлича маълумот берилди. Ўзбекистон Республикасидаги инвестициявий муҳит, Польшанинг савдо-иқтисодий салоҳияти ва икки давлат ўртасидаги ташқи иқтисодий ҳамкорликнинг жорий ҳолатига бағишланган тақдимотлар ўтказилди.
– Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлардан яхши хабардорман, – дейди Силезия Савдо-саноат палатаси раиси Ришард Тужанский. – Айниқса, ёш тадбиркорларга кўрсатилаётган ёрдам, хорижий инвесторлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ишлар ўз самарасини бераётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини янада оширади.
Бизнес-форум давомида Ўзбекистон ва Польша ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида икки томонлама музокаралар ўтказилди. Мулоқотлар якунида келажакдаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.
Изоҳ (0)