Жорий йилнинг 6 апрель куни Сурхондарё вилояти Геология хавфли жараёнларни кузатиш станцияси томонидан Сурхондарё вилояти, Узун тумани, «Хонжиза» МФЙ атрофидаги тоғли адирликларда 480-500 минг метр куб ер сурилиши оқибатида кўчки излари ва ёриқлари пайдо бўлгани аниқланди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг расмий сайтида хабар берилди.
Мазкур ҳолатни олдини олиш мақсадида шу куннинг ўзидаёқ Сурхондарё вилояти Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш бошқармалари, Узун туман ҳокимлиги ва бошқа Фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш давлат қуйи тузилмалари томонидан тезкор амалий тадбирлар бажарилиб, ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли хавфсиз жойларга кўчирилди ва уетарли шарт-шароитлар билан таъминланди.
Шунингдек, аҳолига фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва содир бўлганда тўғри ҳаракатни амалга ошириш борасида мутахассис ходимлар томонидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Ўз вақтида бажарилган тадбирлар, аҳоли хавфсизлигини кўзлаб амалга оширилган тезкор чоралар натижасида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этишга эришилди. Ҳозирда мазкур ҳудуд тўлиқ назоратга олинган бўлиб, кеча-ю кундуз навбатчилик ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)