«Sports.uz» сайти бутун дунё футбол қироли дея тан олган Пеленинг ўйинини стадионда кўриб, завқланиб, шундан бери миллионлар ўйинининг ашаддий ишқибозига айланган андижонлик меҳнат фахрийси Турдиали Тўйчиевнинг таассуротларини тақдим этди.
Бу воқеа сираям эсимдан чиқмайди, ҳар сафар футбол қироли Пеле ҳақидаги мақолаларни ўқисам, ўша узоқ ўтмишим, навқирон ёшлигим қайтадан янгилангандек бўлади. Ўшанда ҳарбий хизматда эдим. Аниқ эслайман, 1965 йил 15 май, шанба куни эди. Кечки пайт ротамиз командири наряддан бўшаган эллик нафарга яқин аскарни сафга тизиб, шаҳарга, футбол майдонини қўриқлашга боришимизни айтди.Азов денгизи яқинида бўлган, ҳамиша яшилликка бурканган Мелитопол шаҳрининг маданият ва истироҳат боғидаги футбол майдонига саф тортиб кириб бордик. Бизни томошабинлардан икки метр олдинга ўрнатилган ўриндиқларга жипс қилиб ўтқазишди. Жонли девор ҳосил қилдик. Шу пайт радиокарнайдан Бразилиянинг Сан-Паулу шаҳрининг «Сантос» футбол жамоаси билан уруш йиллари Киевнинг «Динамо» жамоасида тўп сурган фахрий футболчиларнинг ўртоқлик учрашуви эълон қилинди.
Майдонга футболчилар чиқишганда ҳамма ўрнидан туриб, гулдурос қарсаклар билан кутиб олишди. Фахрийларнинг олди элликдан ўтган, сочларига оқ оралаган кишилар эди. «Сантос» жамоаси дунё футболининг пешқадами, ўйинчилари эса ниҳоятда куч-ғайратга тўлган йигитлар бўлиб, улар орасида бўй-басти келишган, унчалик қора танли ҳам эмас Пеле ҳамманинг нигоҳини ўзига жалб қиларди.
Бу ўйиндан мақсад - бразилияликларнинг ва умуман Пеленинг футболдаги маҳоратини намойиш қилишдан иборат экан. Фахрийлар эса шунчаки рақиб сифатида, майдонга тушганлар. Ўша ўйинда Пеле 6 марта рақиб дарвозасига тўп урди. Сўнггида фахрийларнинг ҳурмати учун 11 метрли жарима тўпи белгиланиб, энг кекса фахрий тўпни тўрга туширди. Шу ерда қизиқ воқеа содир бўлди − «Сантос» дарвозабони ўнг томондан келаётган тўпга ташланмай, чап томонига хиёл эгилиб қўйди. Майдон узра қарсаклар, ҳайқириқлар янграб футболчиларни олқишладилар. Ўйин сўнгида Пеле олдинги қатордагиларнинг баъзиларига қўл бериб, баъзиларига миннатдорчилик билан қўл силтаб бутун майдонни айланиб чиқди, томошабинлар эса унга гуллар ирғитишарди.
Ўша йиллардан сўнг Пеле қатнашган футбол ўйинларини имкони борича телевизорда кўришга, радиода эшитишга қизиқиб қолгандим. Шунингдек, футбол қиролининг ҳаётини ҳам ўрганиб боришга ҳаракат қилдим. Матбуотда Пеле тўғрисидаги материалларни тўплаш одатимга айланди.
Изоҳ (0)