Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг 2014 йил 7 октябрдаги баённомасига асосан, бир қиз Навоий Давлат кончилик институтининг биринчи босқичига тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилиниб, унга 2014 йилнинг 31 октябрига қадар ўқиш учун тўловни амалга ошириш белгиланган эди. Бу ҳақда «Ҳуқуқ» газетаси хабар бермоқда.
Шундан сўнг, қиз 2014 йил 30 октябрь куни институт билан тузилган шартнома шартларини бажариш учун ўзи яшайдиган ҳудуддаги банк филиалларидан бирига пластик карточка орқали 2 миллион 525 минг сўмлик тўловни амалга оширди. Бироқ ушбу маблағнинг институт ҳисоб рақамига ўтказилиши сабабсиз кечиктирилиб, пул 2014 йил 10 ноябрь куни туширилди. Шу сабабли қиз институтга ўқишга қабул қилинмай қолди.
Прокуратуранинг аралашуви билан хатоликка йўл қўйган банк ходимлари интизомий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Навоий Давлат кончилик институти ректори номига хабар берилди.
Мазкур ҳолат Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан инобатга олиниб, ушбу қиз институт кончилик факультетининг 1-босқичига қабул қилинди.
Изоҳ (0)