Бухоро вилояти Ромитан туманидаги кўп тармоқли марказий поликлиникада 334 нафар хотин-қиз бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 201 нафарига даволаш муассасаларига йўлланмалар берилди, деб хабар беради «Uz24.uz» «Туркистон-пресс» ахборот агентлигига таяниб.
Қайд этилишича, 20 дан ортиқ онколог, терапевт, эндокринолог, кардиолог, окулист, лор, психиатр, психолог, социологлар тегишли муолажаларни амалга оширган.
Бепул тиббий кўрик ўтказиш доирасида «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди ва ҳомийлар томонидан жами 179 та ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, ногирон оилаларнинг хонадонларида бўлиб, уларга 6 миллион 112 минг сўмдан зиёд 8 турдаги 126 комплект дори-дармон, 2 миллион 200 минг сўмлик ногиронлар аравачаси, 50 жуфт оёқ кийими, турли касалликлар олдини олиш учун 50 та буклет ва бошқа жиҳозлар тарқатилди.
Мазкур лойиҳани ўтказишдан мақсад оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, умр узоқлигини таъминлаш, соғлом миллат генофондини асрашга кўмаклашиш, аёлларнинг оила ва жамиятдаги роли ҳамда мақомини ошириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш, хотин-қизларнинг тиббий саводхонлигини ошириш ва аёллардаги ўсма касалликларининг олдини олиш борасидаги тарғибот-тушунтириш ишларини олиб боришдан иборат.
Изоҳ (0)