Венесуэла ҳукумати тарафдорлари АҚШ президенти Барак Обаманинг Венесуэладаги вазият АҚШ учун таҳдид дея эълон қилинган буйруғини бекор қилишга қаратилган кампания доирасида 1 миллиондан ортиқ имзо тўплади, деб хабар бермоқда «РИА Новости».
«Биз 10 миллион имзо йиғиб, уларни АҚШ президентига топширмоқчимиз», − деди Каракас шаҳри мери Хорхе Родригес. Унинг сўзларига кўра, ҳозиргача Twitter’дан кампанияни қўллаб-қувватлаш акс этган 2,6 миллиондан ортиқ хабар қабул қилинган.
Кампания ўтган ҳафтада бошланган бўлиб, бутун мамлакат бўйлаб фуқаролар ўз имзоларини қолдириши мумкин бўлган 14 мингта пункт ташкил қилинган. Венесуэла президенти Николас Мадуро ушбу буйруқни бекор қилишни қўллаб-қувватлаб имзо қолдирган биринчи киши бўлган. Тўпланган имзоларни Мадуро 10−11 апрель кунлари Панамада бўлиб ўтадиган Иккала Америка саммитида Барак Обамага топширмоқчи.
Изоҳ (0)