Ўзбекистон дзюдочилари халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақаларда муваффақиятли иштирок этмоқда, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида давом этаётган Гран-при туркумига кирувчи турнирда Шарофиддин Лутфуллаев олтин медални қўлга киритди.
Мусобақада 40 дан зиёд давлатдан 300 нафардан ортиқ дзюдочи совринли ўринлар ва 2016 йили Бразилияда ўтказиладиган ХXXI ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи муҳим рейтинг очколари учун баҳслашмоқда.
Шарофиддин Лутфуллаев 60 килограммгача бўлган полвонлар беллашувида франциялик Волид Ҳиар, қозоғистонлик Елдос Сметов, мезбон спортчи Амиран Папинашвили, ҳал қилувчи баҳсда германиялик Тобиас Энглмаерни енгиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Ушбу вазнда Ўзбекистон спортчиси Диёрбек Ўрозбоев бронза медаль билан тақдирланди.
Францияда ташкил этилган ўсмирлар ўртасидаги халқаро турнирда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзолари учтадан олтин ва кумуш, иккита бронза медални қўлга киритди.
Ўзбекистоннинг иқтидорли дзюдочиларидан Бобур Шарифжонов, Жайҳулбоқ Назаров ва Раҳматулла Қосимов ўз вазн тоифасида барча рақибини мағлубиятга учратиб, олтин медалга сазовор бўлди. Дилшод Баҳодиров, Миршод Раҳмонов ва Азизбек Ашуров иккинчи, Исломбек Равшанқулов ва Муҳаммадали Маманазаров учинчи ўринни эгаллади.
Изоҳ (0)