Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантаналар бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
21 март куни байрамона безатилган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғига сенаторлар ва депутатлар, ҳукумат аъзолари, фан, маданият ва санъат намояндалари, ишлаб чиқариш илғорлари, тадбиркорлар, табаррук кексалар, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналарининг вакиллари ташриф буюрди.
Соат 10:00 да майдонга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов кириб келди. Байрам тантанасига йиғилганлар давлат раҳбарини қарсаклар билан кутиб олди.
Чорлов мусиқаси янграгач, сўз Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга берилди. Президенти Ўзбекистон халқини Наврўз байрами билан муборакбод этди.
Майдон узра ҳаёт мўъжизаси – табиат уйғонишини мадҳ этувчи наво таралди. Улкан мониторларда Ўзбекистоннинг гўзал манзаралари – ям-яшил боғлар, пурвиқор тоғлар, замонавий иншоотлар, бунёдкор замондошларимиз қиёфаси намоён бўлди.
Саҳнага болакайлар чопиб келди. Майдон шўх-шодон кулгуга тўлди. Уларнинг беғубор чеҳраси, ёниб турган кўзлари, жарангдор куй-қўшиқлари барчага завқ-шавқ бағишлади.
Наврўз томошалари кўтаринки руҳда давом этди. Фолклор-этнографик ансамблларнинг чиқишлари, халқ ўйинлари байрамни янада қизитди. Уларда Ўзбекистон халқининг бой маданияти, турмуш тарзи ва қадриятлари ўз аксини топган. Куйлар қўшиқларга, қўшиқлар жўшқин рақсларга уланди.
Байрам тантанаси янада қизиди. Monitorларда улоқ-кўпкари, кураш, арқон тортиш, тош кўтариш, дорбозлик каби элимизнинг завқли анъаналари намойиш этилди. Дошқозонларда тўқчилик, мўл-кўлчилик рамзи сифатида сумалак, ҳалим ва гўжа тайёрланди. Ўланчи-ю лапарчилар Ватан, Наврўз, табиат ҳақида қўшиқлар айтди.
Майдон узра таралган бошқа куй-қўшиқларда ҳам Наврўз, Ватан, тинчлик, ёшлик, севги ва садоқат тараннум этилди.
Изоҳ (0)