Маълумки, сайлов қонунчилигимизга биноан, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Мазкур ҳуқуқий меъёрга мувофиқ мамлакатимизда муддатидан олдин овоз бериш 19 март куни бошланди, деб ёзади Дин ишлари бўйича қўмита.
Шу муносабат билан умра зиёратига кетаётган ва Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни сайловда қатнашишга имкони бўлмайдиган фуқароларимиз жорий йилнинг 19 март куни Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкентдаги филиалида ташкил этилган 160-сайлов участкасида Марказий сайлов комиссияси томонидан тегишли тартибда тасдиқланган, сайловчилар тўғрисидаги маълумотлар қайд этилган ҳамда уларнинг муддатидан олдин овоз беришга имкон берадиган ҳужжатлар асосида овоз бердилар.
Зиёратчиларимиз муддатидан олдин овоз беришда эмин-эркин қатнашишлари учун Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита ва сайлов участкаси масъуллари томонидан барча зарур шарт-шароитлар муҳайё қилинди. Умрачилар ўзларининг шахсий қарорларини қабул қилиб бўлгач, тўлдирилган сайлов варақасини ёпиқ конвертда участка сайлов комиссиясида қолдирдилар. Конвертнинг елимланган жойига участка сайлов комиссияси икки нафар аъзосининг имзоси қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри ва сайловчининг имзоси билан тасдиқланди.
Сайлов ниҳоясида зиёратчилар ҳукуматимиз томонидан яратилган шароитлардан миннатдор эканликларини изҳор этиб, юртимиз тинчлиги ва равнақи учун дуолар қилдилар.
Шундан сўнг зиёратчилармиз кузатувчилар бошчилигида «Тошкент» халқаро аэропортига йўл олдилар. Аэропортда зиёратчиларимизни Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Давлат божхона қўмитаси ҳамда бошқа давлат ва жамоат ташкилотлар вакиллари кузатиб қолдилар.
Фуқароларимиз учун умра зиёратини ташкил этиш жараёни давом этмоқда.
Изоҳ (0)