Тошкент шаҳар ҳокимининг жорий йил 20 мартида имзолаган 31-ф сонли фармойишига кўра, «Наврўз» умумхалқ байрами тантаналарини ўтказиш вақтида йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бир қатор кўчаларда транспорт ҳаракатининг чекланиши белгиланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, 21 март куни соат 06:00 дан 16:00 гача «Бунёдкор» кўчасининг Муқимий кўчаси билан кесишувидан то «Қоратош» кўчаси билан кесишувигача, «Қоратош» кўчасининг «Самарқанд дарвоза» кўчаси билан кесишувидан «Бунёдкор» шоҳ кўчаси билан кесишувигача, «Ўзбекистон» кўчасининг «Бунёдкор» кўчаси билан кесишувидан то «Олмазор» кўчаси билан кесишувигача, Бобур кўчасининг «Ўрикзор» кўчаси билан кесишувидан «Шаршара» кўчаси билан кесишувигача, «Бешёғоч» кўчасининг «Ўзбекистон» кўчаси билан кесишувидан Фурқат кўчаси билан кесишувигача, Фурқат кўчасининг «Шаршара» кўчаси билан кесишувидан Навоий кўчаси билан кесишувигача, «Олмазор» кўчасининг «Ўзбекистон» кўчаси билан кесишувидан «Бешёғоч» кўчаси билан кесишувигача, «Байналмилал» кўчасининг «Бунёдкор» кўчаси билан кесишувидан «Бешёғоч» кўчаси билан кесишувигача бўлган қисмларида, шунингдек «Себзор» ҳамда «Зарқайнар» кўчаларининг тоннелга кириш жойидан бошлаб транспорт ҳаракати тўхтатилади.
Фармойишда байрам тадбирлари ҳамда халқ сайллари ўтказилиши мўлжалланаётган Марказий зобитлар уйи, Тошкент Ҳайвонот боғи, Ўзбекистон Давлат цирки, «Бахт диёр» гузари олди майдонлари, Мирзо Улуғбек, Фурқат, Бобур, Ғафур Ғулом номидаги, шунингдек «Гулшан», «Сувчи» даҳасидаги «Қуёшча нури» истироҳат боғларига туташ кўчаларда ҳам халқ сайллари вақтида вазият тақозо этганда йўлларда ҳаракатланишнинг чекланишига рухсат берилиши кўрсатилган.
21 март куни соат 06:00 дан 16:00 гача метронинг «Миллий боғ» ҳамда «Бунёдкор» бекатларининг «Истиқлол» санъат саройи томони ёпилиши ҳам белгиланган.
Фармойишда тегишли жамоат транспорти хизмати ташкилотларига тадбирлар ҳамда сайллар якунланиши даврида хизмат кўрсатувчи транспорт воситаларининг сонини ошириш вазифаси юклатилган.
Изоҳ (0)