Наврўз нафаси кезиб юрган шу кунларда Фарғона шаҳрида янги қуриб битказилган марказий «Истиқлол» стадиони фойдаланишга топширилди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 15 ноябрдаги «2012-2015 йилларда Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, ижтимоий ва транспорт-коммунал инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Фарғона шаҳрида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Ушбу йўналишдаги ишларнинг изчил давоми сифатида янгидан бунёд этилган 20 минг ўринли стадион ўзининг ноёб меъморий-муҳандислик ечими, бетакрор дизайни билан шаҳар кўркига кўрк қўшмоқда.
«Истиқлол» стадиони халқаро талабларга тўла жавоб беради. Тўртта ёритиш минораси худди шаҳарнинг тўрт томонидан мухлисларни бу ерга чорлаётгандай таассурот уйғотади. Замонавий ёритиш тизимлари ўрнатилгани унинг тунда ҳам худди кундузгидек чароғон бўлишини таъминлайди.
Томошабинлар жойи, майдон ҳолати ҳавас қилгулик даражада. Майдонга Голландиядан келтирилган махсус майса уруғи сепилди, натижада майдон тўрт фаслга ҳам чидамли, йил давомида кўм-кўк яшнаб турадиган майсалар билан қопланди.
– Стадионда спортчилар, ҳакамлар, мураббийлар ва маъмурият учун алоҳида хоналар ажратилган, – дейди стадион директори И.Собитов. – Анжуманлар залида ва футбол мусобақаларини тасвирга олиш учун оммавий ахборот воситалари ходимларига ҳам қулай шароитлар яратилган. 20 минг томошабинга мўлжалланган ўриндиқлар, муҳандислик таъминоти талабларига кўра, пастки ва юқори қаватларга бўлинган.
Видео табло, замонавий аудиосистема мосламалари ва бошқа ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган шарҳловчилар хонаси ўйин пайтида мухлисларни зарур маълумотлар билан тезкор равишда хабардор этиш, мусобақаларни тўғридан-тўғри эфирга узатиш, теле ва радио транслация сифатини таъминлашга хизмат қилади.
– Стадионнинг Наврўз байрами арафасида фойдаланишга топширилиши вилоятимиз аҳли учун ажойиб туҳфа бўлди, – дейди Фарғона вилояти футбол федерацияси биринчи вице-президенти С.Зокиров. – Халқаро андозалар даражасида барпо этилган стадионда жаҳон миқёсидаги ўйинларга мезбонлик қилиш имконияти яратилган. Айни пайтда вилоятимизда 4 профессионал ва 24 ҳаваскор футбол клуби, 14 футбол мактаби фаолият кўрсатмоқда. Бундай имкониятлар уларни янада улкан марралар сари ундайди.
Ушбу муҳташам стадионнинг фойдаланишга топширилиши катта шодиёнага уланиб кетди. «Ассалом, Наврўзи олам!» деб номланган театрлаштирилган байрам дастури намойиш этилди.
Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.
Изоҳ (0)