СВОЖЖДЛҚК департаменти Фарғона вилоят бошқармаси бўлим катта суриштирувчисининг маълум қилишича, «Хамидулло Ҳасан» фермер хўжалиги раҳбарининг мурожаатида Қувасой шаҳар қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими томонидан хўжаликнинг 30 гектар ери захирага олингани айтилади. Бу ҳақда «Ҳуқуқ» газетаси хабар бермоқда.
Аниқланишича, фермер хўжалиги раҳбари вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасида ишловчи танишидан нажот излай бошлайди. Бошқарма бош мутахассиси шаҳар қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими, Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиқлари билан «гаплашиб», ер майдонини қайтариш эвазига 1 миллион сўм сўрайди. Ер майдони қандай асосларда ажратилиши ёки захирага олинишини билиб олган фермер хўжалиги раҳбари бош мутахассиснинг ёлғонини тушуниб етиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилади.
Фарғона вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасининг собиқ бош мутахассиси фермер хўжалиги раҳбаридан 1 миллион сўм олган вақтида қўлга олинди.
Фирибгарга Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг ҳукми билан 2 йил муддатга моддий ва мансабдорлик лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 3 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Изоҳ (0)