Тошкент шаҳридаги «Шодлик Палас» меҳмонхонасида шахмат бўйича Ўзбекистоннинг биринчи гроссмейстери Георгий Агзамов хотирасига бағишланган халқаро турнир давом этмоқда. Бу йил ўз тарихида 9-маротаба ўтказилаётган мусобақада кеча, 17 март куни 7-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Olamsport.com» хабар берди.
Ушбу турда Ўзбекистоннинг истеъдодли шахматчиси Акмал Файзуллаев (2315) шов-шувли натижа қайд этди. У қора доналарда ўйнашига қарамай, халқаро гроссмейстер (2603) беларуслик Алексей Александровни мағлубиятга учратди. Бу ғалабадан сўнг, Файзуллаев 5,5 очко билан турнир жадвалида 4-ўринга кўтарилиб олди.
Учинчи ўринни эгаллаб турган арманистонлик гроссмейстер Тигран Петросянда ҳам шунча очко бор. Петросян мусобақанинг биринчи тартиб рақамли шахматчиси ҳисобланади. Ўзбекистондан, шунингдек, Улуғбек Тиллаев, Иброҳим Каримов, Баҳодир Холмирзаев, Алишер Бегимқулов, Алексей Барсов, Сарвиноз Қурбонбоева ва Марат Жумаевда 5 очко бор ва уларда ҳам ғолиблик ёки совринли ўринлар учун имконият сақланиб қолмоқда.
Мусобақа жадвалида россиялик гроссмейстер (2664) Владислав Артемев ҳамда франциялик (2634) Владислав Ткачев 6 тадан очко жамғариб, қўшҳокимлик қиляпти.
Изоҳ (0)