Наврўз байрами арафасида Ангрен−Поп электрлаштирилган темир йўл линиясининг 39,5 километрида электрлаштириш ишлари тугатилди, деб хабар бермоқда «12news.uz».
Айни кунда ушбу улкан қурилишда бунёдкорлик ишлари қизғин давом этаяпти. 2014 йил декабрь ойининг сўнгги кунларида мазкур қурилишнинг Ангрен томонида қарийиб 40 километр масофада бурғулаш, портлатиш, тупроқ ишлари тўлиқ бажарилиб, туннелнинг ғарбий порталигача пўлат излар ётқизилган эди. Наврўз байрами арафасида эса, умумий узунлиги 39,5 километрни ташкил этувчи Ангрендан туннелнинг ғарбий порталигача бўлган масофада электрлаштириш ишлари якунланди.
Ангрендан туннелнинг ғарбий порталигача бўлган ҳудудда 1174 та темир ҳамда темир бетон устунлари, 1058 та консол ўрнатилди ва 71 та темир панжарали бўйламалар монтаж қилинди.
Ангрен−Поп электрлаштирилган темир йўл линиясини электрлаштириш ишлари Поп станциясидан туннелнинг шарқий порталигача бўлган масофасида ҳам жадал суръатлар билан олиб борилаяпти. Ушбу ҳудудда бугунги кунгача 1230 та темир бетон устунлари, 403 та консоллар ўрнатилиб, 39 та темир панжарали бўйламалар монтаж қилинди.
Изоҳ (0)