Facebook’даги «Potrebitel.uz» гуруҳи аъзоси 2015 йил 2 март куни ўзига нисбатан ўта қўпол муносабатда бўлган автобус ҳайдовчиси вақтинча ишдан четлатилганини 3 март куни автокорхона маълум қилгани ҳақида хабар қолдирган эди. Бу билан боғлиқ вазиятнинг янги тафсилотлари маълум бўлди.
3 март куни қолдирилган хабарда автокорхона вакили қўнғироқ қилиб, ҳайдовчи ҳозирча бир неча кунга ишдан четлатилганини, ҳужжатлари олиб қўйилганини ва ички текширув ўтказилаётганини маълум қилгани ва уни ҳайдовчи иштирокида бўладиган раҳбарият билан учрашувга таклиф қилгани маълум қилинган эди. Жабрланувчи учрашувни рад этиб, автокорхона ўзи чора кўриб, қилинган ишлар ҳақида расмий хат жўнатишни сўраган.
Фойдаланувчи 16 март куни гуруҳга қолдирган хабарида автокорхона томонидан йўлланган хатларни илова қилган. Уларда айтилишича, 7 кундан кейин автокорхона ишчиларининг йиғилиши ўтказилиб, вазият тушунтирилган ва буйруқ чиқарилган. Унга биноан ҳайдовчи ўртача ойлик маошининг 20 фоизи миқдорида жаримага тортилган. Жабрланувчи шундай кўринишда бўлса ҳам адолат қарор топганидан мамнунлигини маълум қилган.
Изоҳ (0)