Халқ таълими вазирлиги ҳузурида «Оила – маҳалла – таълим муассасаси» ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ресурс маркази ташкил этилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлигининг расмий сайтида хабар берилди.
Мазкур марказ «Оила – маҳалла – таълим муассасаси» ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, миллий тренерларнинг доимий фаолиятини йўлга қўйиш, ҳудудлар билан яқин методик ҳамкорлик ўрнатиш, амалиётчи тренерлар тайёрлаш, ота-оналар, уларнинг фарзандлари ва кенг жамоатчилик ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, қолаверса, республика ва ҳудудий ўқув семинарларини ташкил этиш ва ўтказишда амалий кўмак бериш мақсадида ташкил этилмоқда.
Шунингдек, марказ фаолияти давомида 7-10 ёшдаги болалар ўртасида «Оила ва мактаб биргаликда», 10-14 ёшдаги болалар ўртасида «Фарзандлар тарбиясида оилалар билан ҳамкорлик» дастурларини республика бўйича татбиқ этади.
Фарзандлар тарбиясида ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар, маҳалла ва таълим муассасалари фаоллигини ошириш; ота-оналарнинг фарзандлар тарбиясидаги ўрни, мажбурияти, масъулияти ва фарзандлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга кўмаклашиш марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади.
Маълумот учун, «Оила – маҳалла – таълим муассасаси» ҳамкорлиги Жамоат кенгаши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 июндаги 175-сонли қарорига асосан Халқ таълими вазирлиги ҳузурида ташкил этилган.
Изоҳ (0)