2015 йил 16 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ушбу фракциянинг парламент кўпчилигини ташкил этган Демократик кучлар блокига нисбатан нуқтаи-назари муҳокама этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Мажлисда таъкидландики, Ўзбекистон ХДП сайлов якунларига кўра Қонунчилик палатасида муносиб ўрин эгаллаб, ўз фракциясини шакллантирган ҳолда, дастурий мақсадлари ва партиядан кўрсатилган номзодларни қўллаб-қувватлаган сайловчиларнинг манфаатларини изчил илгари суриш учун зарур имкониятга эга бўлди.
Йиғилиш иштирокчилари партия сайловолди платформасида белгиланган ғоялар ва вазифаларни янада илгари суриш масалаларини батафсил муҳокама этди ва парламентда кўпчиликни ташкил қилувчи Демократик кучлар блокига бирлашганлигини эълон қилган парламентдаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал- демократик партияси ҳамда «Миллий тикланиш» Ўзбекистон демократик партияси фракцияларининг қарори хусусида Ўзбекистон ХДП фракциясининг нуқтаи-назарини ишлаб чиқди.
Шу билан бирга, алоҳида таъкидландики, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Ҳукумат Ҳаракат дастурида кўзда тутилаётган қатор муҳим иқтисодий ва ижтимоий масалаларни ҳал қилиш йўллари ҳақида Сайловолди дастурида ўз нуқтаи назарини ифодалаган.
Шу муносабат билан «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги конституциявий қонуннинг 25-1 моддасига амал қилган ҳолда, мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясини парламентда кўпчиликни ташкил этаётган Демократик кучлар блокига мухолифат деб эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
ЎзХДП фракциясининг парламентдаги мухолифат сифатидаги аввалги тажрибасидан келиб чиқиб, шунингдек, партиянинг дастурий вазифаларини инобатга олган ҳолда, фракция давлатнинг ижтимоий йўналтирилган йўлида кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, ўсиб бораётган иқтисодий салоҳиятдан аҳолининг барча қатламлари, энг аввало, кам таъминланган қатламининг турмуш даражаси ижтимоий ҳимояланганлигини доимий равишда яхшилашни таъминлайдиган иқтисодиётдаги тартибга солувчи ролини мустаҳкамлаш тўғрисидаги ғояни илгари суради.
Ўзбекистон ХДПнинг дастурий устуворликлари қаторида энг кам истеъмол харажатлари (истеъмол саватчаси) стандартларини белгилашнинг асосланган ва замонавий механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилиш ва бу билан мазкур стандартларга мамлакатдаги ойлик иш ҳақи ва пенсиянинг энг кам миқдорлари мос келишини таъминлаш масалалари турибди.
Шунингдек, партия аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш тарифларини давлат томонидан ушбу хизматлар тарифларини тартибга солинишини такомиллаштириш орқали хизматлар ҳақини мақбуллаштиришни аҳоли фаровонлигига таъсир кўрсатувчи муҳим омил деб ҳисоблайди.Партия, шунингдек, аҳоли бандлигини ташкил қилишнинг мутлақо янги ва замонавий усулларини жорий қилиш, иш ўринларини ташкил этиш дастурининг сўзсиз бажарилиши устидан парламент назоратини кучайтириш, аввало, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларининг битирувчиларини ишга жойлаштириш ҳамда муҳим ижтимоий-иқтисодий дастурларнинг асосий мезонлари, уларни ҳаётга татбиқ қилишда яратиладиган барқарор иш ўринлари сони билан ўзаро боғлиқлигини таъминлаш тарафдоридир.
Ушбу устувор масалаларда ЎзХДП Демократик кучлар блокига бирлашган партияларнинг фракциялари нуқтаи назаридан фарқ қиладиган ўзи тутган йўлнинг ечимларини таклиф этиш ва илгари суришга тайёр.
Фракциянинг тегишли баёнотида Ўзбекистон ХДП фракцияси Қонунчилик палатасида партиялараро рақобатнинг қонунда назарда тутилган механизмларидан, ҳуқуқ ва ваколатларидан парламент воситалари орқали партиянинг сиёсий устуворликлари ва дастурий мақсадларига қатъий эришиш, давлат ва жамият томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда ишончли ижтимоий кафолатларга эҳтиёжманд аҳоли қатлами манфаатларини изчил ифодалаш ва ҳимоя қилиш, мазкур манфаатларни Қонунчилик палатасида қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш, муҳокама қилиш ва қабул қилишда самарали инобатга олишга кўмаклашишда фаол ва масъулият билан фойдаланиш ниятида эканлиги таъкидланди.
Шу куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ЎзХДП фракцияси Ўзбекистонда аккредитация қилинган маҳаллий ҳамда хорижий оммавий ахборот воситалари учун брифинг ўтказди.
Парламент фракцияси вакиллари фракция устуворликлари, парламентдаги мухолифат сифатидаги энг муҳим вазифалари ҳақида батафсил маълумот берди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга тўлиқ жавоблар олди.
2015 йил 16 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш кун тартибида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП фракциясини парламентдаги кўпчиликка нисбатан мухолиф деб эълон қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Йиғилиш иштирокчилари Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон либерал демократик партияси ҳамда «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияларининг парламентдаги кўпчиликнинг Демократик кучлар блоки тузилганлиги тўғрисидаги қароридан келиб чиқадиган бундан кейинги ўз фаолиятларини муҳокама қилди.
«Адолат» СДП ҳамда янгидан тузилган Демократик кучлар блоки нуқтаи назарларида мамлакатни социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантириш устувор йўналишлари юзасидан айрим тафовутлар мавжудлиги фракция аъзолари томонидан қайд этилди.
«Адолат» СДП учун ўта муҳим бўлган бизнеснинг ижтимоий масъулияти даражасини ошириш, давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлигини фаол ривожлантириш, интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилишни таъминлаш соҳасида давлат назоратини кучайтириш, корхоналарга уларнинг социал ва ижтимоий жиҳатдан фойдали эканлигидан келиб чиқиб, солиқ имтиёзларини бериш каби масалалар парламентдаги кўпчиликнинг ғоялари ва муштарак фаолияти йўналишларида етарлича акс этмаганлиги алоҳида қайд этилди.
Шу боис, йиғилишда «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий қонунда белгиланган нормаларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракциясини парламентдаги мухолифат деб эълон қилиш тўғрисидаги қарор бир овоздан қабул қилинди.
Қонун нормаларига мувофиқ ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган сиёсий партия фракцияси қонунда фракциялар учун назарда тутилган ваколатлар билан бир қаторда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси масъул қўмитасининг тегишли масала бўйича маърузаси билан бир вақтда қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни киритиш;
- муҳокама этилаётган масалалар юзасидан ўзининг алоҳида фикрини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси баённомасига киритиш;
- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонун бўйича келишув комиссиясида ўз вакилларининг кафолатли иштирок этиши.
Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси аъзолари томонидан Ўзбекистонда аккредитация қилинган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларига брифинг ташкил этилди.
Фракция аъзолари парламентдаги мухолифат сифатидаги бирламчи вазифалари ва устувор йўналишлари ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияларидан ташкил топган Демократик кучлар блоки 14 март куни мазкур 2 партия фракцияларининг қўшма мажлисида тузилган эди.
Изоҳ (0)