Эроннинг собиқ президенти Али Акбар Ҳошимий Расфанжонийнинг ўғли Маҳди Ҳошимий Расфанжоний коррупция ва миллий хавфсизликка таҳдидда айбланиб жами 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди, деб хабар бермоқда «РБК».
Теҳрон инқилобий суди Маҳди Ҳошимий Расфанжонийнинг учта турли хилдаги жиноятлари учун етти, беш ва уч йил муддатлик қамоқ жазосига маҳкум қилди. Судланувчи ушбу қарор юзасидан 20 кун ичида шикоят қилиши мумкин.
Бундан ташқари, суд Эронда йирик ишбилармон сифатида танилган 45 ёшли Расфанжонийга жарима, қонунийлиги исботланмаган активларни қайтариш жазоларини тайинлаб, сиёсий лавозимларда ишлашни тақиқлади.
Маълумот учун, унинг отаси Али Акбар Ҳошимий Расфанжоний 1989 ва1993 йилларда икки марта Эрон президентлигига сайланган. 2013 йилги сайловда ҳозирги президент Ҳасан Руҳонийни қўллаб-қувватлаган. У Эрон олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хуманайининг яқин ишончли шахсларидан ҳисобланади.
Изоҳ (0)