Самарқандда жойлашган аҳолига пуллик хизмат кўрсатувчи «Сайқал савдо корхонаси» МЧЖда экспедитор вазифасида фаолият юритувчи фуқаро пул топишнинг турли йўлларини ўйлаб кўрди, деб хабар беради «Ҳуқуқ» нашри.
У жамият номидан шаҳар ҳокимлигига очиқ ва ёпиқ турдаги омборлар борлиги (аслида умуман бўлмаган), омборларга темирйўл кирганлиги, техникалар етарли эканлиги ҳақида хат тайёрлади. Хатни ўрганиб чиққан мутасаддилар корхонага шаҳарнинг куз-қиш мавсумида табиий газ тақчил ҳудудларда жойлашган 14 та маҳаллага кўмир етказиб бериш вазифасини юклади.
Шу тариқа, вилоят ҳокимлигининг қарори билан корхона «Ўзбекэнерго» Давлат акциядорлик компаниясига қарашли «Ўзкўмир» ОАЖдан 500 тонна кўмир олиниб, рисоладагидек тарқатилди. Кейинги сафар эса 4 вагон кўмир «изсиз» йўқолди. Буни «Сайқал савдо корхонаси» МЧЖ экспедиторидан бошқа ҳеч ким сезмади.
Кейинроқ «Ўзкўмир» ОАЖдан кўмир қабул қилиб олишга борган экспедитор Ангрен шаҳрида катта миқдорда кўмир сотиб оладиган шахсларни учратиб қолди. Улар билан савдолашиб, ҳар бир вагон кўмир учун 10 миллион сўмдан нақд санаб оладиган бўлди.
Экспедитор «Сайқал савдо корхонаси» МЧЖ ҳужжатлари асосида «Ўзкўмир» ОАЖдан 4 вагонга жойлаштирилган 276 тонна, умумий баҳоси 30 миллион 636 минг сўмлик кўмирни олиб чиқиб, ҳужжатлардаги жойларни ўзгартирди. Кўмирларни эса турли йўл бекатларида «гумдон» қилди. Қўлга киритилган 38 миллион сўм нақд пулни банк муассасасига топширмади.
Шундан сўнг, устомонлик билан тайёрланган сохта ҳужжатларни «Ўзкўмир» ОАЖга топшириб, транспорт харажатлари учун 4 миллион 520 минг сўмни ҳам қўлга киритди. Оқибатда аҳолига тарқатилиши керак бўлган кўмир ҳудуддаги фуқароларга етиб келмади.
Суд экспедиторнинг қилмишларини ўрганиб чиқиб, уни тегишли жазога тортди.
Изоҳ (0)