Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайлов штабларида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Фавқулодда ва мухтор элчи Каетана де Зулуета бошчилигидаги кузатувчилар миссияси вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди. Бу ҳақдаЎзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази хабар бермоқда.
Учрашувларда қайд этилганидек, қонунчиликка биноан тўртта сиёсий партия томонидан кўрсатилган ва рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ўз сайловолди ташвиқотини олиб бормоқда. Қонунчилик талабларига биноан сайловолди ташвиқоти 14 февралдан бошланди ва ҳозирги вақтда давом этмоқда.
Номзодларнинг сайловолди дастурлари Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг турли жаҳбаларини қамраб олган. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга ўз сайловолди дастурларини электрон ва босма оммавий ахборот воситалари, шунингдек, барча 14 та сайлов округида сайловчилар билан учрашувлар орқали тақдим қилиш учун тенг имкониятлар яратилган. Номзодлар ўз сайловолди дастурининг асосий қоидаларини тушунтириш учун билбордлар, босма маҳсулотлар, сайловчилар билан учрашувлар, сиёсий реклама ва ОАВ, шу жумладан, партия нашрлари имкониятларидан фойдаланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ва уларнинг ишончли вакилларига марказий ва ҳудудий оммавий ахборот воситаларида тенг эфир вақти ва нашр майдони, хусусан, тегишинча 900 дақиқа ва 180 дақиқа эфир вақти ҳамда 10 ва 5 саҳифа ажратилган.
ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилар миссияси вакиллари номзодларнинг сайлов штаблари фаолияти, жумладан, сиёсий партиялардан кузатувчилар рўйхатини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан таништирилди.
Шунингдек, кўппартиявийлик, муқобиллик ва ўз фикрини эркин ифодалаш сингари демократик принциплар асосида очиқлик ва ошкоралик шароитида ўтказилаётган сайлов кампаниясининг турли жиҳатлари бўйича фикр алмашилди.
Изоҳ (0)