Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси таклифига биноан МДҲ Ижроия қўмитаси кузатувчилари миссияси Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиб боради. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази хабар бермоқда.
Марказий сайлов комиссиясида Кузатувчилар миссияси аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов меҳмонларни 2015 йилги сайлов кампанияси билан таништириб, у Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, сайлов тўғрисидаги қонунлар ва Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурига мувофиқ очиқ ва ошкора ўтказилаётганини таъкидлади.
МДҲ узоқ муддатли кузатувчилар миссияси аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти жараёни билан таништирди. Қайд этилганидек, уларга сайловолди ташвиқотини олиб бориш ва оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг имкониятлар яратилган.
Учрашув давомида таъкидланганидек, МДҲ кузатувчилари фаолиятини мувофиқлаштириш учун Тошкент шаҳрида миссиянинг штаби иш бошлайди ва кузатувларни ташкил этиш билан боғлиқ барча тадбирларни ўтказади. Миссия штаби вазифаларига сайлов жараёни бориши ҳақида материалларни тўплаш, уларга ишлов бериш ва таҳлил қилиш, сайлов қонунчилигини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва телевизион дастурлар ҳамда босма ОАВда чиқаётган сайловга оид материалларни мониторинг қилиш, номзодларнинг сайлов штабларида учрашувлар ўтказиш киради.
Учрашувда қайд этилганидек, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги кузатувчилар миссияси 2014 йилги парламент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиш натижалари юзасидан ўз баёнотида сайлов қонунчилигининг изчил такомиллаштирилиши очиқ, эркин ва демократик сайловлар учун зарур ҳуқуқий асослар яратди, деган хулоса берди. Сайлов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талаблари, амалдаги сайлов қонунчилиги ва умум эътироф этилган халқаро демократик ҳуқуқий нормаларига тўла мувофиқ равишда кўппартиявийлик ва партиялараро рақобат асосида ўтказилди, шаффоф ва очиқ бўлиб, Ўзбекистон фуқароларининг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришини таъминлади.
Тадбир якунида миссия кузатувчиларига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда қатнашиш ҳуқуқини берадиган мандатлар топширилди.
Изоҳ (0)