2015 йил 10 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Фавқулодда ва мухтор элчи Каетана де Зулуета раҳбарлигидаги кузатувчилари миссияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари Светлана Артикова меҳмонларни қутлар экан, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда халқаро сайлов стандартларига мувофиқ демократик сайловлар ўтказиш борасида ижобий тажриба тўпланганини алоҳида таъкидлади. Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича миллий амалиётини яхшилашга йўналтирилган сайлов қонунчилиги мунтазам такомиллаштириб борилмоқда.
Меҳмонлар, шунингдек, жорий йил январь ойида янги таркибда шакллантирилган парламент юқори палатаси фаолияти билан таништирилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистонда ҳокимиятнинг қонунчилик, ижро ва суд тармоқларига бўлиниши конституциявий принципини амалга ошириш механизмлари изчил мустаҳкамланмоқда, ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизими такомиллаштирилмоқда, марказда ва жойларда вакиллик ҳокимиятининг ваколатлари ва назорат функциялари кенгаймоқда.
Пировардида демократик ўзгаришлар парламентнинг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги роли ва аҳамиятини оширди, қонунчилик органининг давлат ички ва ташқи сиёсатини шакллантириш ҳамда амалга оширишдаги мавқеи ва имкониятларини кучайтирди.
Ўз навбатида, ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилар миссияси раҳбари Каетана де Зулуета самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, бўлажак сайловлар мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим сиёсий воқеа эканлигини қайд этди.
ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси фаолияти сайлов жараёни очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, унинг миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро стандартлар ва нормаларга мувофиқ ўтказилишига кўмаклашиши қайд этилди.
Изоҳ (0)