Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров 10 март куни Фарғона вилояти сайловчилари билан учрашди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 11-Фарғона округ сайлов комиссиясининг раиси Н.Собиров очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили М.Холдоров йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Дастурда иқтисодиётнинг истиқболдаги талабларидан келиб чиққан ҳолда, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси сифатли бепул таълим олиш имкониятига эга ва у меҳнатига муносиб ҳақ тўланадиган иш топиши, малакали мутахассис бўлиши, имконияти бўлса, ўзининг ишини яратиши зарурлиги белгиланган. Олий ўқув юртларининг инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг фан, ишлаб чиқариш ва иқтисодиёт билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, илм-фан ва таълимга сармоялар жалб этиш, шунингдек, янги технологиялар киритиш масалалари муҳим вазифалар сифатида белгиланган.
Учрашувда Марғилон шаҳар туғруқ мажмуаси бош шифокори М.Салимова, Фарғона политехника институти ўқитувчиси Ш.Аббосова ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кўппартиявийлик асосида ўтаётгани мамлакатимизда халқаро демократия тамойилларига амал қилинаётгани, миллий сайлов тизими халқаро нормаларга тўла мос келишидан далолат эканини таъкидлади.
Изоҳ (0)