Facebook’даги «Водители Ташкента» гуруҳи аъзолари бир нечта автомобиль йўлнинг қарама-қарши йўналишида ҳаракатлангани акс этган видеолавҳаларни тармоққа чиқарди.
Видеоларда автомобиллар светофорнинг қизил чироғида тўхтаб тургани акс этган. Лавҳаларнинг бирида тўхтаб турган автомобиллар қатори орқасидан иккита машина қарама-қарши йўналишга ўтиб ҳаракатини давом эттирганини кўриш мумкин. Жумладан, дастлаб 01 Y 944 FA рақамли Lacetti, кейин эса 01 Р 879 ВА рақамли Damas бундай қўпол қоидабузарликка йўл қўйган. Бошқа лавҳада эса 01 Z 563 FA рақамли Matiz айнан шу ҳаракатни қайтарган. Ушбу ҳолат Тошкентнинг айнан қайси ҳудудида суратга олингани маълум қилинмаган.
Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда чиқиши, худди шунингдек авария ҳолати юзага келишига сабаб бўлган, яъни йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларини тезликни, ҳаракат йўналишини кескин ўзгартиришга ёки ўз хавфсизлигини ёхуд бошқа фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун ўзга чораларни кўришга мажбур қилувчи ҳуқуқбузарликни содир этиши энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдорида жаримага тортилиши инобатга олинса, бу 2015 йил 10 март ҳолатида 1 076 350 сўмга тенг бўлади.
Видеолавҳалар остига изоҳ қолдирган гуруҳ фойдаланувчиларининг аксарияти қоидабузар ҳайдовчиларнинг ушбу ҳаракатларини кескин танқид остига олган. Фойдаланувчилардан бири ушбу ҳудудда бундай ҳолат деярли ҳар куни кузатилишини қайд этган. Шунингдек, қарама-қарши йўналиш бўйлаб ўз йўлидан тўғри ҳаракатланаётган автомобиллар ҳам тескари йўналишга ўтган автомобилларга йўл бераётгани, аслида бунга қаршилик кўрсатиш лозимлиги айтилган.
Изоҳ (0)