Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоаси апрель ойида Тошкентда Янги Зеландия ёшлар терма жамоасига қарши иккита ўртоқлик учрашувини ўтказиш борасида келишувга эришди. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол Федерацияси расмий сайтида хабар берилди.
Режага кўра, Янги Зеландия U-20 ёшлар терма жамоасига қарши учрашувлар 4 ва 6 апрель кунлари бўлиб ўтади. Мазкур ўйинлар ҳар иккала терма жамоа учун ҳам ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати баҳсларига тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. Қайд этиш лозим, ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати баҳслари айнан Янги Зеландияда бўлиб ўтади.
Равшан Ҳайдаров бош мураббийлигидаги Ўзбекистон U-20 терма жамоаси Янги Зеландияга қарши ўйинлар олдидан Португалиянинг Коимбра шаҳрида 4 кунлик йиғин ўтказиши кутилмоқда. Мазкур йиғинда Ҳайдаров жамоаси иккита ўртоқлик учрашувини ўтказади. Унга кўра, дастлаб 27 март куни Ўзбекистон ёшлари U-20 ёш тоифасида Европа вице-чемпиони Португалия ёшлар терма жамоасига қарши майдонга тушса, 29 март куни жаҳон вице-чемпиони Уругвай ёшлар терма жамоасига қарши ўйин бўлиб ўтади.
Таъкидлаш лозим, ЎФФ Терма жамоалар маркази айни дамда Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичидаги рақибларга мос спарринг-рақиблар топиш ва уларга қарши ўртоқлик учрашувларини ташкил этиш борасида музокараларни давом эттирмоқда.
Изоҳ (0)