Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти мустақил тадқиқотчиси Ойбек Икромовнинг буғдой муртагидан ёғ олиш технологияси Ўзбекистон шароитида биринчи марта таклиф этиляпти. У тиббиёт, косметология ва озиқ-овқат саноатида қўлланиладиган, четдан импорт асосида олиб келинадиган маҳсулотларнинг ўрнини босади, деб хабар беради «Uz24.uz».
Ёш тадқиқотчининг айтишича, буғдой дони муртагида 18–23 фоизгача ёғ мавжуд ва косметологияда бу хилдаги ёғ кенг қўлланилади. Унинг таркибида 12 хил витамин, 18 хил аминокислота ҳамда 21 хил микроэлемент мавжуд.
Буғдой муртагидан олинадиган бу маҳсулот – биологик фаол ўсимлик ёғи бўлиб, инсон организмининг юрак-қон томир, асаб ва ҳазм қилиш тизимларига ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, ушбу ёғ организмни токсинлар, яъни заҳарли моддалардан тозалашда ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Бошқа ўсимлик ёғларидан фарқли ўлароқ, буғдой муртагида табиий антиоксидант саналувчи «ёшлик дармон дориси» номи билан ҳам машҳур Э витамини мавжуд бўлиб, у инсондаги мушаклар фаолияти яхшиланишига ёрдам беради.
Ёш тадқиқотчи буғдой муртагидан ёғ олишни қиммат технологиялар ва катта ишчи кучи талаб қилинмаган ҳолда совуқ ва иссиқ усулларда амалга оширишни таклиф қилмоқда.
«Совуқ усул деганда, буғдой муртаги тўғридан-тўғри пресс ускунасида сиқилиб, ёғ олинади, – деди Ойбек Икромов. – Иссиқ усулда эса буғдой муртагига дастлаб буғ ёрдамида ишлов берилиб, ундан кейин прессланади. Ушбу лойиҳанинг иқтисодий самарадорлиги хусусида тўхталадиган бўлсак, унинг хомашё ва материалга нисбатан харажати 15–18 фоизгача кам эканини айтиб ўтиш лозим».
Тадқиқотчи бугунги кунда ҳам мазкур лойиҳани янада мукаммаллаштириш, уни ишлаб чиқаришга жорий этиш натижасида кутиладиган иқтисодий самарадорликни янада ошириш устида бош қотиряпти.
Изоҳ (0)