Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 11 февралдаги «Алкогольли маҳсулотларга ва тамаки маҳсулотларига янги намунадаги акциз маркаларини жорий этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Қарорга мувофиқ, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб алкоголли ва тамаки маҳсулотларига ҳимоянинг қўшимча даражаларига эга бўлган янги намунадаги акциз маркалари жорий этилади. Янги акциз маркалар дизайни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва «Давлат белгиси» давлат-ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан ишлаб чиқилиб, тасдиқланган.
Қайд этилишича, амалдаги акциз маркаларда 22 ҳимоя воситаси ўрнатилган бўлса, янги акциз маркаларда улар яна учтага кўпайтирилган.
Айни пайтда қўмита томонидан янги намунадаги акциз маркалари жорий этилиши билан боғлиқ барча маълумотлар билан шу йўналишда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари таништирилмоқда. Бу борада тарғибот ишлари йўлга қўйилиб, бундан аҳоли кенг хабардор қилинмоқда.
Апрель ойидан бошлаб савдо пештахталарида янги намунадаги акциз маркалари ёпиштирилган алкоголли ва тамаки маҳсулотлари савдога чиқарилади. Юқорида қайд этилган қарорга мувофиқ улгуржи ва чакана савдо тармоғидаги эски акциз маркали маҳсулотларни эса шу йилнинг охиригача сотиш мумкин. Яъни, янги намунадаги акциз маркалари жорий этилган кундан бошлаб тўққиз ой ўтгач улар маркаланмаган деб ҳисобланади ва белгиланган тартибда олиб қўйиш чоралари кўрилади.
Алкогольли ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарда эски намунадаги акциз маркалари ёпиштирилган товарларни сотишнинг рухсат этилган муддати тугашига беш ой қолганда эски намунадаги акциз маркалари ёпиштирилган маҳсулот қолдиқлари, фойдаланилмаган эски намунадаги акциз маркаларининг қолдиқлари инвентаризация қилинади. Шу пайтда товарларда эски намунадаги акциз маркалари бўлса олиб ташланиб, уларга янги акциз маркалари ёпиштирилиши керак. Товарлардан олиб ташланган эски акциз маркалари, фойдаланилмаган эски намунадаги акциз маркаларининг қолдиқлари корхонада ташкил этиладиган комиссия томонидан йўқ қилинади.
Инвентаризацияни ўтказиш комиссиясига солиқ ва молия органлари вакиллари, ишлаб чиқарувчи корхоналар ходимлари киритилади. Инвентаризациялаш натижалари акциз маркаларини ҳисобга олиш маълумотлари билан солиштирилади.
2016 йилнинг 1 январидан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси эски намунадаги акциз маркалари билан маркаланган алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотлари олиб кирилиши, ишлаб чиқарилиши ҳамда уларнинг улгуржи ва чакана савдо тармоғида сотилишини аниқлаш ҳамда олдини олиш бўйича тегишли чора-тадбирларни кўришни бошлайди.
Изоҳ (0)