2015 йилнинг 25 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон – Финландия сиёсий маслаҳатлашувларининг олтинчи раунди бўлиб ўтди. Учрашувда иштирок этиш учун Финландия Республикаси ТИВнинг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё ишлари департаменти бош директори Тери Ҳакала раҳбарлигидаги делегация Тошкент шаҳрига келди, деб хабар берилди Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида.
Мулоқот давомида ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди, қатор халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.
Суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларни ривожлантиришнинг ижобий суръати қайд қилинди. Парламентлараро ҳамкорликни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш, аввало Финландиянинг илғор тажрибаси ва технологияларини Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилишга ўзаро қизиқиш билдирилди.
Таъкидлаб ўтилганидек, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида, жумладан хорижий сармоядорларга қулай солиқ ва божхона шароитлари яратилган «Навоий», «Ангрен» ва «Жиззах» эркин иқтисодий зоналари негизида электротехника, кимё, енгил ва озиқ-овқат саноати соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш томонлар манфаатига хизмат қилади.
Учрашувда маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокараларда Финландия элчиси Никлас Линдқвист иштирок этди.
Изоҳ (0)