Осиё Чемпионлар лигаси 1-туридан ўрин олган «Насаф» ва «Тракторсозий» жамоалари ўртасида учрашув ўз ниҳоясига етди, деб хабар беради «Stadion.uz».
Биринчи бўлимни қаршилик футболчилар жуда суст ўтказди. Жамоа аъзолари ўзаро бир-бирини тушуниб ўйнашда анча муаммоларга дуч келди. Рақиб ҳам у қадар фаоллик кўрсатмай, асосан, иккинчи рақамда ўйнаб, қарши ҳужумда «Насаф» футболчиларини жазолашга ҳаракат қилди. Айтиш мумкинки, эронликларнинг биринчи бўлим учун танлаган тактиклари тўлиқ ўзини оқлади.
31-дақиқада ўнг қанотдан жарима майдончаси ичига етказиб берилган тўпга Эдино боши билан кучсиз зарба берди. Аммо «Насаф» посбони бу вазиятда бир оз олдинга чиқиб кетгани учун бу зарбани қайтара олмади. Ҳисоб очилганидан кейин қаршиликлар бор эътиборни ҳужумга қарата бошлади. Аммо уларнинг ҳаракатлари биринчи бўлимда самара бергани йўқ.
Иккинчи бўлимни эса «аждарлар» тамоман бошқача бошлади. Танаффусда Рўзиқул Бердиевнинг ўз шогирдларига берган кўрсатмалари тезда ўз натижасини кўрсатди. Илҳом Шомуродов жарима майдончаси чизиғидан ажойиб зарба йўллаб, ҳисобни очди. Голдан руҳланган «Насаф» футболчилари тезда ҳисобда олдинга чиқиб олишга муваффақ бўлди. Артур Геворкян ўзига нисбатан ишлатилган қўполликдан кейин жарима зарбасидан тўпни ҳаволатиб ошириб берди. Ҳаммадан баланд сакраган Ҳамза Каримов боши билан ажойиб зарба йўллаб, ҳисобни 2:1 кўринишига олиб келди.
«Насаф» шундан кейин ҳам тинчигани йўқ. Ҳужум кетидан ҳужум уюштиришда давом этди. Бу вазиятда «Тракторсозий» жамоаси аъзолари «Насаф» вакилларининг ҳужумларини қийинчилик билан қайтариб турди.
Иккинчи бўлимнинг иккинчи ярмида рақиб ҳам бир оз ўзига келиб, аста ҳужумлар уюштира бошлади. Аммо бу ҳужумларни «Насаф» ҳимоячилари ва дарвозабон қайтаришга муваффақ бўлди.
Шу тариқа, «Насаф» Осиё Чемпионлар лигаси 1-туридан ўрин олган учрашувда ғалаба қозониб, уч очкони қўлга киритди.
ОЧЛ, 1-тур
«Насаф» – «Тракторсозий»: 2:1
Гол: I.Шомуродов (46), Ҳ.Каримов (53) - Эдино (31).
«Насаф»: Элдор Суюнов, Мақсуд Каримов, Илҳом Шомуродов, Рой Рок, Артур Геворкян, Эркин Бойдуллаев, Шуҳрат Муҳаммадиев, Ҳамза Каримов, Одил Ҳамробеков, Фарруҳ Сайфиев, Олександр Коблаш.
«Тракторсозий»: Ҳамид Лак, Ҳамид Горданий, Холид Шафий, Мирхан Хошимий, Меҳди Кианий, Шаҳин Сағибий, Андраник Теймурян, Аҳмад Камдар, Фаршад Аҳмадзода, Эдино, Фардин Абидиний.
Изоҳ (0)