Осиё Чемпионлар лигаси мусобақасининг гуруҳ босқич 1-туридан ўрин олган «Пахтакор» ҳамда «Нафт Теҳрон» клублари ўртасида кечган учрашув ўз ниҳоясига етди. Унда «Пахтакор» клуби Эроннинг «Нафт» жамоасини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди, деб хабар беради «Uff.uz».
Ўйинни тошкентлик футболчилар анча фаол бошлади. Дастлабки дақиқалар меҳмонлар жарима майдончаси атрофида борди. «Нафт» футболчиларининг бир оз довдираб қолганидан фойдаланган «Пахтакор» аъзолари ҳисобни очиш учун яхши имкониятга эга бўлганди.
Бурчакдан ошириб берилган тўпни эронлик футболчилар ўз жарима майдончаларидан узоқлаштиришга ҳаракат қилди. Аммо тўп «Пахтакор»ни янги футболчиси Аднан Ораховацга бориб тушди. Унинг жарима майдончаси чизиғидан берган зарбаси дарвоза тўсинига тегиб майдонга қайтди. Қайтган тўпни Игорь Сергеев дарвозага йўллади. Аммо меҳмонлар дарвозабони Беиранванд ҳушёрлик қилиб, бу тўпни ушлаб олди.
Шундан кейин эронлик футболчилар ҳам аста-секин ўзларига кела бошлади. Улар майдон марказида устунликни қўлга киритиб, бирин-кетин ҳужумлар уюштира бошлади. Бу ҳужумларни «Пахтакор» ҳимоячилари ва дарвозабони қийинчилик билан бартараф этиб турди. Бундай вазиятларда Самвел Бабаян шогирдлари жисмоний ва функсионал тайёргарлик борасида рақибларига имкониятни бой бериб қўяётгани яққол намоён бўлди. Албатта, буни бизда ҳали мавсум бошланмагани, Эронда эса айни қизғин палласига киргани билан изоҳлаш мумкин.
Биринчи бўлимда тошкентлик футболчилар, асосан, чап қанотдан ҳужум уюштиришга ҳаракат қилди. Бу вазиятларда Стас Андреев ва Саша Мерзляков анча фаол ҳаракат қилганини алоҳида таъкидлаш керак. Аммо жарима майдончасига ҳаволатиб оширилган тўпларни эронликлар таркибидаги бўйдор бразилиялик легионер Леандро Падовани ортиқча қийинчиликсиз бартараф этиб турди.
«Нафт» футболчилари эса, асосан, ўнг қанотдан ҳужум уюштирди. Шунингдек, теҳронликлар марказдан ҳам «Пахтакор» жарима майдончасига ёриб киришга ҳаракат қилди. Бироқ ҳар икки жамоа ҳар қанча ҳаракат қилса ҳам, биринчи бўлимда дарвозаларга тўп киритилмади.
Иккинчи бўлим яна «Пахтакор» вакилларининг ҳужуми билан бошланди. Бу эса тезда ўз самарасини берди. Дарвозабон Лобанов тўпни эгаллаб олиб, олдинга узатиб берди. Искандаров ўнг қанотдаги Каримовни тўп билан таъминлади. Унинг ҳаволатиб жарима майдончасига узатиб берган тўпини Кахи Махарадзе боши билан дарвозага аниқ йўллади.
Ҳисоб очилганидан кейин «Нафт» футболчилари олдинга ташланди. Қарши ҳужумга ўтиб кетаётган футболчини Шерзод Каримов қўполлик билан тўхтатиб қолди. Япониялик ҳакам бу вазиятда «Пахтакор» ярим ҳимоячисига тўғридан-тўғри қизил карточка кўрсатиб, уни майдондан четлатди.
Бир киши кўп бўлиб ҳаракатланган «Нафт» жамоаси тезда ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. Егор Кримецнинг хатосидан унумли фойдаланган Али Горбани осонлик билан Лобанов дарвозасини ишғол қилди.
Шундан кейин «Пахтакор» футболчиларида ҳисобни ошириш учун бир қатор имкониятлар бўлганди. Аммо улар бу имкониятлардан унумли фойдалана олмади. Шундай бўлса ҳам, бир киши кам бўлишига қарамай тошкентликлар учрашувнинг сўнгги дақиқаларини жуда фаол ўтказди. Бу эса ўз самарасини бермай қолмади. Владимир Козакнинг жаримадан йўллаган кучли зарбасини эронлик дарвозабон қайтарди. Аммо қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келган Игорь Сергеев аниқ зарба билан гол киритиб, ҳисобни оширишга муваффақ бўлди.
Шу тариқа «Пахтакор» Осиё Чемпионлар лигасининг дастлабки ўйинида ғалаба қозониб, уч очкони қўлга киритди.
«Пахтакор» – «Нафт Теҳрон»: 2:1
Гол: К.Махарадзе (48), I.Сергеев (85) – Горбани, 59
«Пахтакор»: Александр Лобанов, Егор Кримец, Аднан Ораховац, Александр Мерзляков, Даврон Ҳошимов, Акбар Исматуллаев, Кахи Махарадзе, Шерзод Каримов, Жамшид Искандеров, Станислав Андреев, Игорь Сергеев.
«Нафт Теҳрон»: Али Ризо Беиранванд, Мехди Ширий, Амин Ҳожимуҳаммадий, Али Ризо Иззатий, Воҳид Амирий, Ғулом Ризоий, Камолиддин Камябиниа, Воҳид Ҳамдинажот, Леандро Падовани, Иман Мобали, Горбани.
Изоҳ (0)