Марказий сайлов комиссиясида Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ)нинг Ўзбекистонга ташриф буюрган кузатувчилари миссияси асосий гуруҳи аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Миссияни Каетана Де Зулуета бошқармоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази хабар бермоқда.
Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари К. Адилов меҳмонларга Ўзбекистонда сайлов кампанияси бориши ҳақида сўзлаб берди. Хусусан, меҳмонлар Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури амалга оширилиши билан таништирилди. Қайд этилганидек, Марказий, округ ва участка сайлов комиссиялари ўз фаолиятида сайлов кампаниясининг барча босқичларида қонунийлик, ошкоралик ва транспарентлик принципларига қатъий риоя этилишига алоҳида эътибор қаратади.
ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси фаолиятини, унинг Ўзбекистонда сайловни кузатиш бўйича Марказий сайлов комиссияси билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш масалалари хусусида атрофлича фикр алмашилди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 117-моддасига киритилган тузатишларга мувофиқ сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун масъул конституциявий орган сифатида Марказий сайлов комиссияси мустақиллигининг ҳуқуқий кафолатлари сезиларли равишда мустаҳкамлангани, мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, адолатлилик комиссия фаолиятининг асосий принциплари экани таъкидланди. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган қўшимчаларга биноан сайлов жараёнига жалб этилган жисмоний ва юридик шахсларнинг сайлов қонунчилигига риоя этиш, Марказий сайлов комиссияси қарорларини сўзсиз бажариш бўйича жавобгарлиги кучайтирилгани алоҳида қайд этилди.
Учрашувда томонлар ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси аъзолари фаолияти сайлов жараёни очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, уни халқаро стандарт ва нормаларга мувофиқ ташкил этишга кўмаклашишига ишонч билдирди.
Каетана Де Зулуета қайд этишича, миссия сайловларни Ўзбекистон қонунчилигида кўзда тутилган муддат ва тартибларга мувофиқ, узоқ муддатли асосда кузатади. Бу кузатув номзодлар сайловолди ташвиқотини қандай олиб бораётгани, оммавий ахборот воситалари сайловчиларни сайлов жараёнининг бориши ҳақида қандай хабардор қилаётганини ўз ичига олади. Миссия аъзолари мамлакатнинг бир қатор ҳудудларига ташриф буюриб, сайлов комиссиялари фаолияти билан танишади.
«Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи, оммавий ахборот воситалари вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эга. Уларнинг ваколатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган намунадаги мандатлар билан тасдиқланган бўлиши керак. Ушбу ҳужжат кузатувчига Марказий сайлов комиссияси мажлисларида қатнашиш ҳуқуқини беради. Марказий сайлов комиссиясининг мажлислари очиқ ва ошкора ўтказилади.
Изоҳ (0)