Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров 21 февраль куни Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари сайловчилари билан учрашди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Сурхондарё вилоятидаги учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ сайлов комиссиясининг раиси А. Аҳмедов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Ш. Ҳайитов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров нутқ сўзлаб, сайловолди дастурида илгари сурилган асосий йўналишлар ҳақида маълумот берди.
Дастурда Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларни қўллаб-қувватлаб, жамиятда қонун устуворлиги ва ижтимоий адолат тамойилларини таъминлаш, иқтисодиётнинг ижтимоий йўналтирилишини кучайтириш, аҳоли турли ижтимоий гуруҳ ва қатламларининг турмуш сифати ва даражасини янада ошириш каби муҳим вазифалар белгиланган. Ижтимоий аҳамиятга молик фуқаролик ташаббусларини қўллаб, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг соғлиқни сақлаш, таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида муаммоларни ҳал қилишдаги иштирокини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Учрашувда «Адолат» социал-демократик партияси Денов тумани кенгаши раиси А. Бўриев, Жарқўрғон туманидаги 3-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Д. Мўминова, Термиз ахборот технологиялари ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежи директори Ў. Тошбоев ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, сайловчиларни Ўзбекистон тараққиёти ва халқ фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган Президент сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Қашқадарё вилоятидаги учрашувни эса Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 13-Қашқадарё округ сайлов комиссиясининг раиси I. Жўраев очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили А. Аҳмедов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Дастурда сиёсий ислоҳотларнинг янада чуқурлаштирилиши, демократик қадриятларнинг мустаҳкамланиши ва ривожланиши, жамиятда адолат, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигини таъминлаш, бошқарувда очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорлик тамойилларини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим масалаларини ечиш юзасидан қарорлар шакллантириш ва қабул қилиш жараёнида жамоатчиликнинг фаол иштирокини таъминлаш, ижтимоий йўналтирилган иқтисодий лойиҳа ва дастурларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши каби ғоялар илгари сурилган.
Учрашувда партиянинг Муборак тумани кенгаши раиси Р. Ҳамроев, Косон педагогика-иқтисодиёт коллежи директори М. Мустафоева ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кўппартиявийлик ва муқобиллик асосда ўтаётгани Ўзбекистонда демократия тамойилларига амал қилинаётганидан, миллий сайлов тизими халқаро нормаларга тўла мос келишидан далолат эканини таъкидлади. Сайловчиларни 2015 йил 29 март куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Изоҳ (0)