Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Акмал Саидов 21 февраль куни Навоий ва Бухоро вилоятлари сайловчилари билан учрашди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Навоий вилоятидаги учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 5-Навоий округ сайлов комиссиясининг раиси Ў. Мавлонов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Б. Бозоров йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Акмал Саидов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Номзоднинг сайловолди дастурида давлат ва фуқаролик жамияти ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш бўйича ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий чоралар кўриш, бунинг учун маҳаллий вакиллик органлари ҳузурида жамоатчилик комиссиялари тузиш ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини изчил рағбатлантириш тизимини амалиётга жорий этиш, ўзбек халқининг тарихий, маданий ва интеллектуал мероси, маданияти ва анъаналарини асраб-авайлаш ва бойитиш, унинг ютуқларини навқирон ва баркамол авлод орасида кенг тарғиб қилиш бўйича бир қатор устувор вазифалар белгиланган.
Учрашувда Навоий шаҳридаги Меҳрибонлик уйи директори Д. Орзиева ва бошқалар номзоднинг дастури бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, унда қайд этилган устувор йўналишларни амалга ошириш мамлакатни ижтимоий ривожлантириш, демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади. Сайловчиларни 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Бухоро вилоятидаги учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 3-Бухоро округ сайлов комиссиясининг раиси М.Даминов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили С.Раупов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Учрашувда Президентликка номзод Акмал Саидов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Номзоднинг сайловолди дастурида юксак эстетик қимматга эга бўлган миллий ҳунармандлик турларини қайта тиклаш ва ривожлантириш, миллий бадиий мактабларнинг анъаналарини сақлаб қолиш, ёшлар онгини халқимизга ёт бўлган «оммавий маданият»нинг салбий таъсиридан муҳофаза қилиш мақсадида ёшларни миллий тикланиш ғояси, миллий маданият ва қадриятларни эъзозлаш руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Давлат тилини бойитиш ва янада такомиллаштириш, тил маданияти ва унинг мақомини, муомала маданиятини юксалтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқиш, оммавий муомалада ўзбек адабий тили меъёр ва қоидалари бузилишининг олдини олишга қаратилган аниқ мақсадли ишлар олиб бориш муҳим вазифалар қаторида қайд этилган.
Учрашувда Бухоро давлат университети доценти Ў. Очилов ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, сайловчиларни 2015 йил 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Изоҳ (0)