Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда. Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов 20 февраль куни Навоий ва Бухоро вилоятлари сайловчилари билан учрашди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Бухоро вилоятидаги учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 3-Бухоро сайлов округи раиси М.Даминов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили С.Жўраева йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов сайловчиларга ўз сайловолди дастурида акс этган асосий вазифалар ҳақида маълумот берди.
Номзоднинг сайловолди дастурида пенсионерлар, ногиронлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва меҳнатга лаёқатсиз аҳолининг бошқа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжларини тўлиқ қондиришни кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизимини шакллантириш, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарлар ва хизматлар нархини шакллантириш устидан давлат назорати самарадорлигини ошириш орқали уларнинг нархи ва тарифлари ўсиши инфлация даражасидан юқори бўлмаслигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ишлаб чиқарилаётган товарлар ва хизматлар сифатини ошириш, таннархини пасайтириш, уй-жойларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш мақсадида давлат мулкини хусусийлаштиришдан олинадиган маблағларнинг самарали фойдаланиш механизмларини янада такомиллаштириш ва бошқа қатор вазифалар ўрин олган.
Учрашувда Когон туманидаги «Сухор» маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Б.Комилова, Бухоро солиқ коллежи битирувчиси З.Музаффаров, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Қоракўл туман кенгаши раиси Ф.Бебутов ва бошқалар номзоднинг дастури юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Навоий вилоятидаги учрашувни 5-Навоий округ сайлов комиссияси раиси Ў. Мавлонов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили А. Асадов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Дастурда асосий устувор йўналишлар қаторида авваламбор аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатлари ҳимояси йўлида меҳнатга лаёқатли кишиларнинг муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринларига эга бўлишга интилишини қўллаб-қувватловчи, уларнинг шахсий ташаббускорлиги ва ишбилармонлигини рағбатлантирувчи кучли ижтимоий сиёсат юритиш, мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларга, уларнинг ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, касб танлаш, таълим олиш ва ўқув муассасаларини битиргач, албатта, биринчи иш ўрнига эга бўлишлари учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитлар яратиш қайд этилган.
Учрашувда Зарафшон шаҳридаги 13-умумтаълим мактаби директори Г.Қаршиева, Навоий давлат педагогика институти кафедра мудири Х.Қурбонов, Конимех туманидаги 5-умумтаълим мактаби директори I.Наризова сайловларнинг кўппартиявийлик ва партиялараро соғлом рақобат руҳида, умумэътироф этилган демократик тамойиллар асосида ташкил этилаётгани мамлакатимизни янада ривожлантириш, халқаро майдондаги нуфузини тобора мустаҳкамлашда муҳим омил эканини таъкидлади.
Изоҳ (0)