Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёни қизғин бормоқда. Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов 18 февраль куни Тошкент шаҳри ва вилояти сайловчилари билан учрашди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Тошкент шаҳридаги учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14-Тошкент шаҳар округ сайлов комиссиясининг раиси Ж.Иноғомов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Ҳ.Бобохонов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳ.Кетмонов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Номзоднинг сайловолди дастурида ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини аҳоли ўртасида боқимандалик кайфиятини бартараф этишга қаратиш, кишиларнинг ташаббускорлигини рағбатлантириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда нафақалар ва моддий ёрдам асосан кам таъминланган оилалар, қариялар ва болалар учун берилишини таъминлаш, ўз бизнесини ташкил этиш ва турмуш фаровонлигини мустақил таъминлашга интилувчи меҳнатга лаёқатли фуқароларга имтиёзли кредитлар ва мақсадли фоизсиз ссудаларни ажратишни янада ривожлантиришни таъминлаш каби қатор устувор вазифалар белгиланган.
Учрашувда Шайҳонтоҳур туманидаги 44-оилавий поликлиника бош шифокори М.Раҳматуллаева, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курслари директори С.Бобоқулов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кўппартиявийлик асосида ўтаётгани мамлакатимизда демократия тамойилларига амал қилинаётгани, миллий сайлов тизимимиз халқаро нормаларга тўла мос келишидан далолат эканини таъкидлаб, 29 март куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Тошкент вилоятидаги учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссиясининг раиси Н.Абдуллаев очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили С.Аъзамов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов ўз сайловолди дастури бўйича нутқ сўзлади.
Дастурда бандлик соҳасидаги сиёсатни янада такомиллаштиришнинг устувор йўналиши сифатида муносиб иш ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринларини тақдим этаётган корхоналарда меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш лозимлиги, шунингдек, истиқболли ишлаб чиқаришларни ривожлантириш бўйича инвестиция дастурларини ишлаб чиқишда уларнинг ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш дастурлари ҳамда ҳудудий бандлик дастурларига ўзаро боғлиқ бўлган комплекс ёндашувини таъминлаш зарурлиги ўз ифодасини топган.
Зангиота тумани «Назарбек» қишлоқ врачлик пункти мудири М.Ворисова, Тошкент давлат аграр университети проректори А.Абдувосиқов, Халқ демократик партияси Бекобод шаҳар кенгаши раиси У.Абдуназаров ва бошқалар сайловчиларни бўлажак сайловда фаол иштирок этишга чақириб, номзоднинг дастурида қайд этилган устувор йўналишларни амалга ошириш мамлакатни ижтимоий ривожлантириш, халқ фаровонлигини изчил юксалтириш, демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Изоҳ (0)