Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Акмал Саидов 18 февраль куни Наманган ва Андижон вилоятлари сайловчилари билан учрашди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Наманган вилоятидаги учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган округ сайлов комиссиясининг раиси Ғ.Ортиқов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили О.Маматкаримов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Тадбирда Президентликка номзод Акмал Саидов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Номзоднинг сайловолди дастурида миллий ўзликни англаш, миллий ғурур ва қадр-қиммат туйғусини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, миллати, дини, ижтимоий ҳолати ва келиб чиқишидан қатъи назар, Ўзбекистон халқи, барча фуқароларнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш, маҳалла институтини янада такомиллаштириш, унинг ташкилий ва иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг маҳаллий аҳамиятга эга бўлган масалаларни ҳал этишда ҳамда миллий ва маънавий қадриятлар, урф-одат ва анъаналарни қайта тиклаш ва бойитишдаги бевосита иштирокини таъминлашда маҳалланинг ролини янада кучайтириш кенг ўрин олган.
Учрашувда «Миллий тикланиш» демократик партияси Наманган вилоят кенгаши раиси О.Мамадалиев ва бошқалар номзоднинг дастури ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, ушбу дастурда қайд этилган устувор йўналишларни амалга ошириш мамлакатни ижтимоий ривожлантириш, демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Андижон вилоятидаги учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 2-Андижон округ сайлов комиссиясининг раиси О.Мирзаев очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили К.Отахонов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Тадбирда Президентликка номзод Акмал Саидов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Номзоднинг сайловолди дастурида Ўзбекистоннинг кўп асрлик тарихи ва нодир маданий-тарихий меросини тарғиб қилиш учун туризм индустриясини ривожлантириш ва юртимизни жаҳон сайёҳлик марказларидан бирига айлантириш, аҳоли турмуш сифати, даражаси ва фаровонлигини ошириш, бунда ривожланишнинг устувор соҳаси сифатида уй-жой қурилиши ва инфратузилма ҳамда ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон маданий ёдгорликлари, шаҳарларининг миллий қиёфасини сақлаб қолишда самарали чора-тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор берилган.
Учрашувда вилоят педагог кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти кафедра мудири М.Охунов ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, сайловчиларни 2015 йил 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Изоҳ (0)