Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Акмал Саидов 17 февраль куни Тошкент шаҳри ва вилояти сайловчилари билан учрашди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Тошкент шаҳридаги учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14-Тошкент шаҳар округ сайлов комиссиясининг раиси Ж.Иноғомов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Ф.Муҳиддинова йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Акмал Саидов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Дастурда Ўзбекистон халқининг миллий-маданий ва маънавий-ахлоқий қадриятлари, урф-одатларини сақлаш ва бойитишга алоҳида эътибор қаратилган. Айниқса, маҳалла миллий демократик институтини янада такомиллаштириш, унинг ташкилий ва иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг маҳаллий аҳамиятга эга бўлган масалаларни ҳал этишда ҳамда миллий-маънавий қадриятлар, урф-одат ва анъаналарни қайта тиклаш ва бойитишдаги бевосита иштирокини кучайтириш юзасидан бир қатор устувор вазифалар белгиланган. Айни пайтда миллий бозорни сифати паст, халқаро андозаларга мос келмайдиган маҳсулотлар (ишлар, хизматлар)дан муҳофаза қилиш, қулай ва жозибадор сармоя муҳитини шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини кучайтириш ҳам дастурдан ўрин олган.
Учрашувда Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университети профессори Б.Эгамбердиев ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кўппартиявийлик ҳамда муқобиллик асосида, демократик тамойилларга мос тарзда ўтаётганини таъкидлаб, Президентликка номзоднинг сайловолди дастури ва унда белгиланган устувор вазифалар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Сайловчиларни 2015 йил 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Қибрай туманида Тошкент вилояти сайловчилари билан бўлиб ўтган учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссиясининг раиси Н.Абдуллаев очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Т.Мансуров йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Тадбирда Президентликка номзод Акмал Саидов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Номзод сайловолди дастури билан таништирар экан, миллий ўзликни англаш, миллий ғурур ва қадр-қиммат туйғусини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, ёшлар онгини халқимизга ёт бўлган «оммавий маданият»нинг салбий таъсиридан муҳофаза қилиш, уларни миллий тикланиш ғояси, миллий маданият ва қадриятларни эъзозлаш, камол топиб келаётган авлодни китобга муҳаббат ва ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялаш дастурда етакчи ўрин эгаллаганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, номзоднинг дастурида «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» тамғаси остида жаҳон бозорига маҳсулот етказиб беришга йўналтирилган тизимли чора-тадбирларни қабул қилиш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик модернизация қилиш вазифалари белгиланган.
Учрашувда Ўзбекистон «Қизил ярим ой» жамиятининг Тошкент вилояти бўлими раҳбари Н.Қорабоева, Янгийўл туманидаги 44-умумтаълим мактаби директори Н.Жўрабоев ва бошқалар номзоднинг дастури ҳақида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди. Сайловчиларни 2015 йил 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Изоҳ (0)