Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг жойларда сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда. Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров 16 февраль куни Хоразм вилояти сайловчилари билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 12-Хоразм округ сайлов комиссиясининг раиси А.Раҳимов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили М.Қурбонбоев йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Дастурда жамиятда қонун устуворлиги ва ижтимоий адолат тамойилларини таъминлаш, қонунларнинг мукаммал, юқори сифатли ва барқарорлигига эришиш, уларни кундалик ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмларини яратиш, шунингдек, қонун ижодкорлиги жараёнида адолат ғоясини татбиқ этиш, илм-фанни ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш ҳамда ташқи сиёсатда миллий манфаатлар устуворлигини таъминлаш каби муҳим вазифалар илгари сурилган. Айниқса, дастурда дунё сиёсий амалиётида кенг қўлланиладиган ва тан олинган социал-демократик ғоялар халқимизнинг менталитетига уйғун ҳолда ифода этилган.
«Адолат» СДП вилоят кенгаши раиси Н.Эшметов, Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалининг «Тиллар, педагогика ва психология» кафедраси доценти Д.Олимова ва бошқалар номзоднинг дастури ва ундаги вазифалар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Сайловчиларни 2015 йил 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Изоҳ (0)