Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров 16 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси сайловчилари билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссиясининг раиси К.Каримов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Р.Матқурбонов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Н.Умаров ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Дастурда мамлакатимизда инсон манфаатлари энг олий қадрият экани, адолат ҳаётимизнинг бош мезони, ҳар бир инсон учун адолат тамойилларини ҳаётимизга кенг жорий этиш энг асосий вазифа экани таъкидланган. Бу борада қонун устуворлигини таъминлаш, ёшидан, миллатидан, ижтимоий-иқтисодий аҳволи, келиб чиқишидан қатъи назар, барчага тенг имкониятлар яратиш, ижтимоий адолат тамойиллари, фуқаролар ҳуқуқлари, қонуний манфаат ва эркинликларини ҳимоя қилиш устувор йўналишлар эканига алоҳида эътибор қаратилган.
«Экосан» экология ва саломатлик халқаро хайрия жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси филиали директори Н.Мирзабуратов, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг 3-курс талабаси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори О.Ўразимбетова, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ўқитувчиси У.Сейтжонова ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кўппартиявийлик ва муқобиллик асосида ўтаётгани мамлакатимизда ҳуқуқий давлат шакллангани, сайлов тизимимиз умумеътироф этилган халқаро нормаларга тўла жавоб беришидан далолат эканини таъкидлади. Номзоднинг дастури хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Сайловчиларни жорий йилнинг 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Изоҳ (0)