2015 йил 6 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви ҳамда Давлат солиқ қўмитасининг «Тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қўшма қарори қабул қилинди, деб хабар беради «Xushnudbek.uz».
Ўзгариш шундан иборат бўлдики, эндиликда савдо ва хизмат кўрсатиш объекти раҳбари ўз савдо ва хизмат кўрсатиш объектига ўрнатиш учун тўлов терминалларини ажратиш бўйича ёки ўзида мавжуд бўлган тўлов терминалларига дастурий таъминотни ўрнатиш (банк пластик карточкалари бўйича тўловларни амалга оширувчи тизимга уланиш) юзасидан хизмат кўрсатувчи тижорат банкига электрон тарзда ҳам мурожаат қила олиши мумкин. Аввалги таҳрир бўйича, бундай масалада фақат ёзма мурожаат қилинар эди.
Шунингдек, олдинги таҳрирга кўра, тўлов терминали техник ёки дастурий носоз ҳолатга келиб қолганда, савдо ва хизмат кўрсатиш объекти раҳбари бу ҳақда бир кундан кечиктирмасдан давлат солиқ хизмати органига ва хизмат кўрсатувчи тижорат банкига ёзма равишда хабар бериши шарт эди. Аммо бу амалиётда тадбиркорларга баъзи қийинчиликларни келтириб чиқараётган эди. Эндиликда юқоридаги муаммо келиб чиққан тақдирда ҳам электрон мурожаат қилиш мумкинлиги ҳақида қоида киритилди.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йил 3 декабрь куни қабул қилинган «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунга биноан, электрон мурожаатларга ҳам расмий мақом берилган.
Изоҳ (0)