Эртага, 17 февраль куни бўлиб ўтадиган Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига ўтиш ўйини ҳисобланган «Бунёдкор» – «Ал-Жазира» жамоалари ўртасидаги учрашув олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар беради «Uff.uz».
Матбуот анжуманида дастлаб меҳмонлар бош мураббийи белгиялик мутахассис Эрик Герец ва жамоанинг аъзоси Башир Сайид қатнашди.
«Эртага бизни жуда муҳим ўйин кутиб турибди, – деди мураббий. – Рақибларимизга ҳурмат билдирган ҳолда айтишим керакки, биз эртага ғалаба учун майдонга тушамиз. Яна бир нарса: эртанги ўйин олдидан бевосита ўйин бўладиган майдонда машғулот олиб боришни умид қилиб қоламиз».
Шундан сўнг «Ал-Жазира» жамоасининг янги аъзоси Башир Сайид ўз фикрлари билан ўртоқлашди: «Эртага бизни ‘Бунёдкоръга қарши ўйин кутиб турибди. Рақибларимиз жуда ҳам кучли. Эртанги ўйин олдидан ‘Бунёдкоръга ҳам, ўз жамоамизга ҳам ғалаба тилаб қоламан».
Савол: Айни пайтда БААда миллий чемпионат ўйинлари авжига чиққан. Бу ҳолат рақибни етарлича ўрганишга ҳалақит қилмадими?
Жавоб: «Бунёдкор»нинг Туркия йиғинидаги ўйинларини кўрдим. Бизда «Бунёдкор» ўйини тасвирланган бир қатор видеоёзувлар бор. Менинг ўйлашимча, рақибимиз ҳақида етарли маълумотга эгамиз.
Савол: Эртанги ўйин ноқулай об-ҳавода ўтиши кутилмоқда. Бу нарса жамоа ўйинига салбий таъсир қилмайдими?
Жавоб: Об-ҳаво ҳар икки жамоа учун бир хил бўлади. Шу сабабли бу бизга муаммо туғдирмаслиги керак.
Савол: Плей-офф фақат битта учрашувдан иборат. Бу нарса футболчиларга босим юкламайдими?
Жавоб: Плей-офф битта учрашувдан иборатлиги қайсидир маънода «Бунёдкор»га қўл келиши керак. Чунки улар ўз майдонида тўп суради. Албатта, плей-офф ўйинлари иккита учрашувдан иборат бўлса, яхши бўларди. Аммо биз регламентни ҳурмат қиламиз.
Савол: «Бунёдкор» таркибидаги қайси футболчиларнинг номларини айтиб бера оласиз?
Жавоб: Биз рақиб ўйинлари видеоёзувини томоша қилдик. Қайси футболчи қандай хавф туғдириши мумкинлигини яхши ўргандик. Аммо ҳозир бу футболчиларнинг номларини айтмоқчи эмасман.
Изоҳ (0)