Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қонунчилик палатасининг расмий сайтида хабар берилди.
Йиғилишда «Радиочастота спектри тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини маромига етказиш ва Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисига киритиш масаласи кўриб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси мазкур қонун лойиҳасини муҳокама қилиш юзасидан Қонунчилик палатасидаги сиёсий партияларнинг фракциялари, Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлик гуруҳи, қўмиталар, Қонунчилик палатаси девонининг юридик бўлими ҳамда қонун лойиҳаси бўйича тузилган ишчи гуруҳи билан ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 16 сентябрдаги 1406-сонли Қарори билан тасдиқланган «Радиочастота спектридан фойдаланиш хавфсизлиги ва барқарор ишлашини таъминлаш чораларининг комплекс дастури» ижроси юзасидан ишлаб чиқилган. Унда радиочастота спектридан фойдаланишнинг мониторинги ва назоратини кучайтириш бўйича ҳуқуқий, норматив-техник ва ташкилий-техник чоралар назарда тутилган бўлиб, у радиочастота спектридан фойдаланишни назорат қилиш тизимларини янада такомиллаштириш, телерадиоэфирда ахборот хавфсизлигини, шунингдек, республика радиоэлектрон воситаларининг барқарор ишлашини таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши радиочастота спектридан фойдаланишнинг хавфсизлик шароитларини ва самарадорлигини таъминлаш, ахборот узатишда, шу жумладан, ўта муҳим ахборот муҳитида – телерадиоэфирда ахборот хавфсизлиги даражасини ошириш имконини беради.
Мазкур қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси кун тартибига биринчи ўқишда киритиш бўйича Қонунчилик палатасидаги сиёсий партияларнинг фракциялари, Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлик гуруҳи, қўмиталар, Қонунчилик палатаси девонининг юридик бўлимидан тегишли тартибда хулосалар олинди.
Йиғилиш сўнгида масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Изоҳ (0)