2015 йилнинг 13 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Бразилия Федератив Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Москва шаҳрида) Антонио Жозе Валлим Геррейрони қабул қилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайтида хабар берилди.
Элчи Ўзбекистон Республикаси Президенти номига йўлланган ишонч ёрлиқларини топширди.
Суҳбат давомида ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати кўриб чиқилди ва Президент Ислом Каримовнинг 2009 йил май ойидаги Бразилияга ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида алоқаларни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли алоқаларни юксалтириш учун икки мамлакат улкан салоҳиятга эга эканлиги таъкидланди.
Мулоқот чоғида томонлар ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги Ўзбекистон-Бразилия мунтазам маслаҳатлашувлари, икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокидаги қўшма форумлар ўтказишга муҳим аҳамият қаратиши қайд қилинди.
Шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари ва айрим минтақавий муаммолар муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)