Голландиянинг Роттердам шаҳрида теннис бўйича ATR ABN AMRO World Tennis Tournament мусобақасининг асосий тўр баҳслари давом этмоқда. Мукофот жамғармаси 1 миллион 600 минг 855 евродан иборат турнирда Ўзбекистондан Денис Истомин ҳам иштирок этаётган эди, деб хабар беради «Olamsport.com».
Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси илк даврада испаниялик Гилермо Гарсия Лопесга қарши кортга чиқди. Лопес дунё теннисчилар рейтингида 27, Истомин эса 64-ўринни эгаллаб турибди. Якшанба куни Лопес Загребдаги турнирда бош мукофотни қўлга киритганди.
Денис Гарсияга жиддий қаршилик кўрсатди. Ҳар икки сет аввалида рақибига 0:2 ҳисобида имкониятни бой бераётганига қарамай, вазиятни ўнглаб олди. Лекин барибир тажриба ўз сўзини айтди. 7:6(7:5), 6:4 ҳисобида зафар қучган Лопес иккинчи даврага йўл олди.
Маълумот учун, Денис Истомин биринчи даврадаги иштироки учун 10 минг 360 евро мукофот пулига эга бўлди. Лекин рейтинг очкоси ололмади. Ғолиб теннисчи эса ўз ҳамёнини 358 минг 540 еврога бойитиб олиш баробарида 500 рейтинг очкосини ҳам қўлга киритади.
Изоҳ (0)