Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан енгил автомобилларни сотиб олишда ўзаро ҳисоб-китобларни хорижий валютада амалга ошириш учун жисмоний шахсларга локал пластик карточкалар очиш ва уларга хизмат кўрсатиш бозори ўрганиб чиқилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Олиб борилган ўрганишлар натижасида, «Асака» ДАТБ ва «Капитал банк» ОАТБ жисмоний шахсларга хорижий валютадаги локал пластик карточкаларини очиш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича товар ёки молия бозорида устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар Давлат реестрига киритилди.
Юқорида қайд қилинган монопол хизматларга қўлланилаётган тарифлар асослилиги ўрганилганда, ҳар иккала банк томонидан хорижий валютада локал пластик карточкаларни очиш учун хорижий валютада 30 АҚШ доллари миқдорида хизмат ҳақи олаётгани маълум бўлди.
Банклар томонидан қўлланилаётган тарифлар монополистик фаолиятни чеклашга оид қонунчилик талабларидан келиб чиқиб қўлланилаётганлиги ўрганилганда, ҳар икки банк томонидан ҳам ушбу хизмат тури бўйича монопол юқори нархларда хизмат кўрсатилаётганлиги аниқланди.
Натижада ҳар иккала банкка нисбатан монопол юқори нархларни қўллашни тўхтатиш ва бундан кейин бундай тарифларни қўлламаслик тўғрисида кўрсатма берилиб, мазкур хизматни кўрсатиш бўйича қўлланилаётган тарифлар 20 АҚШ доллари этиб белгиланишга эришилди.
Изоҳ (0)