6 февраль куни икки буюк алломанинг таваллуди муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат марказида «Ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда буюк алломаларимиз Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг тутган ўрни» мавзусидаги маънавий-маърифий, мусиқий тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат маркази етакчи мутахассиси Феруза Фузайлова хабар берди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Шарифа Салимова, Ўзбекистон халқ артисти, актёр Муҳаммадали Абдуқундузов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, актёр Турғун Бекназаров, V.А.Успенский номидаги Республика ихтисослашган мусиқа академик лицейи ўқувчилари иштирок этди. Тадбир аввалида шоира Шарифа Салимова сўзга чиқиб, Навоий ва Бобурнинг ижоди ҳақида тўхталиб ўтди. Актёр Муҳаммадали Абдуқундузов «Бобур» видеофильмидан парчалар намойиш этди.
V.А. Успенский номидаги Республика ихтисослашган мусиқа академик лицейининг иқтидорли ўқувчиларидан ташкил топган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Замира Раҳматуллаева бошчилигидаги «Мерос» фолклор ансамбли иштирокчиларининг «Қоши ёсинму дейин» деб номланган жонли ижродаги қўшиқлар тўплами кечага ўзгача файз киритди ва йиғинганларда катта таассурот қолдирди.
Тадбир сўнгида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабалари ва Қуролли Кучлар марказий ашула ва рақс ансамбли хонандаларининг бадиий чиқишлари намойиш этилди.
Изоҳ (0)