2014 йилда Ўзбекистон божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда 781 та божхона қоидабузарликлари аниқланиб, натижада салкам 3,4 млрд сўм эквивалентдаги нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди, деб хабар бермоқда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.
Жумладан, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси «Келес» темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан «Тошкент−Москва» йўналишидаги поезд йўловчиси, бухоролик А.Мухамедованинг (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) ноқонуний хатти-ҳаракатларига чек қўйилди. Аниқланишича, ушбу шахс йўловчи божхона декларациясида қайд этмасдан туриб, қўл юклари орасига 5700 АҚШ долларини яширганча олиб чиқишга уринган экан.«Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари ҳам нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб ўтилишига оид бир нечта қонунбузарлик ҳолатларини фош қилишди.
Шунингдек, самарқандлик Р. Мадрахимовнинг Истанбулга парвози бироз кечикди. Боиси, у йўловчи божхона декларациясида қайд этган 2000 АҚШ долларидан ташқари, божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, 5000 АҚШ долларини чўнтагига солганча, бамайлихотир чиқиб кетишга уринган экан.
«Тошкент−Франкфурт» рейси бўйича парвозга шайланган I. Коенов ҳам «уддабурон» чиқиб қолди. Холислар иштирокида ушбу шахс шахсий кўрикдан ўтказилганда, чарм курткасининг ички қисмига хамён моҳирлик билан яширилганлиги фош бўлди. Хамёнда эса йўловчи божхона декларациясида қайд қилинмаган ва табиийки, яширинча олиб чиқиш учун кўзланган 5900 евро борлиги аниқланди.
Шунингдек, божхоначилар хитойлик Ю Хан томонидан 11300 АҚШ долларининг қонунга хилоф равишда олиб чиқиб кетилишининг олдини олишди. «Тошкент−Урумчи» рейси бўйича парвоз олдидан ушбу хорижий фуқарога тегишли багаж божхона кўригидан ўтказилганда, мазкур нақд хорижий валюталар юклар орасига яшириб қўйилганлиги аён бўлди.
Қаршилик Л. Норқулова ҳам Москвага учиш олдидан таваккалга қўл урди. Амалдаги тартибларга зид равишда нақд хорижий валюталарни олиб чиқишнинг гёўки теша тегмаган усулини қўллади. Яъни, белидаги камари орасига 13070 АҚШ доларини устомонлик билан бекитиб олди. Аммо, божхоначилар қаршисида безовталаниши, унинг «иситма»сини фош қилиб қўйди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, республикамизда резидентларга 2000 АҚШ доллари эквивалентидаги нақд хорижий валюталарни йўловчи божхона декларациясида ёзма қайд этиш шарти билан эркин олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади. Бундан ортиқ миқдордаги нақд валюталарни олиб чиқиш учун эса ваколатли банклар ёки Марказий банкнинг ўрнатилган тартибдаги рухсатномаси талаб этилади.
Норезидентларга эса Ўзбекистонга кириб келаётганда ўзи билан олиб келган ҳамда божхонага тақдим этилган йўловчи божхона декларациясида қайд этилган миқдордаги хорижий валютани олиб чиқишларига рухсат берилган.
Изоҳ (0)