Ўзбекистон Республикаси Олий судида умумий юрисдиксия судларининг 2014 йилда одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти натижалари ҳамда истиқболдаги вазифаларга бағишланган кенгайтирилган раёсат йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Ш. Ғозиев бошқарган йиғилишда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида суд-ҳуқуқ соҳасини демократик асосда янада ислоҳ этиш ва эркинлаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилгани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати тақдим этган маълумотларга кўра, 2014 йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 217 мингдан ортиқ иш кўриб чиқилган. 950 мингдан ортиқ суд буйруғи чиқарилган. Суд буйруғи чиқарилган аризалар бўйича 779 миллиард сўмдан зиёд маблағ ундириш белгиланган. Фуқаролик ишларининг 85,6 фоизи бўйича ҳал қилув қарори чиқарилган, шундан 89,2 фоиз иш бўйича даъво қаноатлантирилган.
Айрим жиноят турлари, хусусан, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, безорилик ва транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш каби жиноятлари учун судланганлик кўрсаткичлари камайди.
2014 йилда ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 12 минг нафардан ортиқ шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.
Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан ҳисобот даврида 211 миллиард сўмдан ортиқ моддий зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган 3,5 минг нафарга яқин, ушбу қонун ҳаётга татбиқ қилинганидан буён 624 миллиард сўмдан зиёд моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 29 минг нафардан ортиқ шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.
Йиғилишда судлар томонидан йўл қўйилган камчиликлар ва суднинг обрўсига путур етказадиган қонунбузилиши ҳолатлари ҳам атрофлича муҳокама этилди. Судья ва суд ходимларининг масъулиятини, касб маҳорати ва малакасини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Изоҳ (0)