Самарқанд вилоят прокуратураси бўлим прокурорининг «Ҳуқуқ» нашри орқали хабар беришича, «Самарқандтумангаз» филиали бошлиғи лавозимида бир неча йиллардан буён фаолият юритиб келган фуқаро аввал ҳам қонунбузарлик содир этгани учун бир неча бор судланган бўлган. Шунга қарамай, у яна бир бор ноқонуний ишга қўл урди, дейилади «Ҳуқуқ» нашрида.
Маълум бўлишича, филиал бош муҳандиси ва ҳисобчи ҳам жалб қилинган қонунбузарлик натижасида аксарият хонадонларга етиб келмаган газ 97 нафар шахс томонидан ташкил этилган иссиқхоналарда «гуриллаб» ёнаверган. Бу эса «Самарқандтумангаз» филиалининг 891 миллион 934 минг 548 сўм зарар кўришига олиб келди.
Хусусан, «Хикмат Асадов» номли корхона иссиқхонасида 54 миллион 389 минг сўмлик табиий газдан бемалол ноқонуний фойдаланишга йўл қўйиб берилган. Бундан ташқари, филиал раҳбари ҳисобчи билан тил бириктирган ҳолда назорат-касса машиналарини қўлламай ёки унга тенглаштирилган бир марталик патталарни рўйхатдан ўтказмасдан ўтган икки йил давомида аҳоли билан 66 миллион 907 минг сўм пуллик ҳисоб-китобларни амалга оширган.
Филиал раҳбарининг мавжуд қонун талабларини бажаришга билдирган лоқайд муносабати натижасида туманда олдиндан 15 ва 30 фоизлик тўловлар амалга оширилмасдан, улгуржи истеъмолчиларга 16 миллион 730 минг сўмлик табиий газ тарқатиб юборилган. Бу билан қонун билан қўриқланадиган давлат манфаатларига жиддий зиён етказилган.
Ўз манфаатларини кўзлаган филиал раҳбарининг айби билан муддати ўтган дебиторлик қарздорлик миқдори ортиб кетди. Аҳолига тарқатилган газ ҳисоблагичлар эвазига келадиган 113 миллион 837 минг сўм маблағни ундириш чораси ҳам кўрилмади. Шунингдек, филиал ишчи ва хизматчиларига ўз вақтида иш ҳақи берилмагани боис иш ҳақидан қарздорлик 117 миллион 522 минг сўмга етди.
Барча қонунбузарликлар ошкор этилгач, суд томонидан айбдорларга нисбатан тегишли ҳукм чиқарилди.
Изоҳ (0)